Саноатни декарбонизация қилиш дастури: Ўзбекистон инвестиция режасини якунлаш босқичига ўтди
2026-09-18 16:55:00 / Вазирлик янгиликлари

Миссиянинг асосий мақсади дастур бўйича ишлаб чиқилган инвестиция режасининг янгиланган лойиҳасини биргаликда кўриб чиқиш, манфаатдор томонлар билан маслаҳатлашувлар ўтказиш ҳамда ҳужжатни CIF жамғармасига ўз вақтида тақдим қилиш бўйича кейинги қадамларни келишишдан иборат бўлди.
Тадбирнинг биринчи кунида халқаро ҳамкор ташкилотлар, тегишли вазирлик ва идоралар иштирок этди. Вазирлик вакиллари томонидан инвестиция режасининг янгиланган лойиҳаси тақдим қилинди. Тақдимотда инвестиция режасида белгиланган устувор йўналишлар, инвестиция эҳтиёжлари ва имтиёзли молиялаштириш механизмлари ёритилди. Шундан сўнг, тадбир иштирокчилари билан лойиҳани амалга оширишда гендер тенглиги, ижтимоий инклюзивлик ва адолатли ўтиш масалалари бўйича алоҳида тақдимот ўтказилиб, олинган изоҳ ва тавсияларни ҳужжатга киритиш юзасидан муҳокама бўлиб ўтди.
Тадбирнинг иккинчи куни саноат корхоналари, уюшмалар ва молия институтлари билан муҳокамаларга бағишланди. Дaвра суҳбатида корхона ҳамда банк вакиллари декарбонизация лойиҳаларини амалга оширишдаги тўсиқлар, инвестиция имкониятлари ва зарур қўллаб-қувватлаш чоралари инвестиция режасида қанчалик акс эттирилганлиги ҳамда ушбу қисмни янада кучайтириш юзасидан ўз фикрларини билдирди.
Миссиянинг сўнгги кунида дастлабки кунлар давомида иштирокчилар томонидан билдирилган таклифлар таҳлил қилиниб, уларни инвестиция режасида акс эттириш имкониятлари кўриб чиқилди. Шунингдек, инвестиция режасини якунлаш ва уни CIF жамғармасига ўз вақтида тақдим қилиш бўйича кейинги қадамлар белгилаб олинди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси









