Ҳудудларда саноатни ривожлантириш ва саноат штаблари фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш масалалари бўйича ўтказилган семинар якунланди
2026-09-04 20:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Бугунги семинарда қуйидаги йўналишлар муҳокама қилинди:
Ҳар бир ҳудуд бўйича саноат салоҳияти юқори бўлган 3 та туман ва 3 та драйвер тармоқни ривожлантириш;
Саноат зоналаридан самарали фойдаланиш истиқболлари;
Саноат корхоналарида лабораториялар ташкил этиш, халқаро сертификатлаш жараёнларини молиявий қўллаб-қувватлаш ҳамда хорижий мутахассисларни жалб этишда юзага келаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари;
Ўзбекистонда фазовий-ҳудудий режалаштириш амалиётини жорий этиш.
Бунда ҳудудларнинг ихтисослашуви, саноат корхоналари, инфратузилма, хомашё базаси, географик жойлашуви ва логистика имкониятлари асосий мезон сифатида белгиланди.
Хусусан, Самарқанд вилояти мисолида саноат салоҳияти юқори ҳудудларни ривожлантириш орқали йилига 200–250 млрд сўмлик қўшимча маҳсулот ишлаб чиқариш, 2 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратиш ва экспорт ҳажмини 50 млн долларга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, Сурхондарё вилоятида Термиз, Жарқўрғон ва Шеробод туманларини қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштириш ҳамда вилоятни жанубий қурилиш материаллари ва экспорт марказига айлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда фазовий-ҳудудий режалаштириш амалиётини жорий қилиш бўйича соҳадаги мавжуд муаммо ва ечимлар муҳокама қилинди. Бунда фазовий-ҳудудий режалаштиришнинг саноатга таъсири ва саноат зоналарини жойлаштиришга бевосита таъсири кўриб чиқилди.
Ҳудудларнинг фазовий стратегия ва режаларини ишлаб чиқиш учун жалб этилаётган нуфузли халқаро шаҳарсозлик компаниялари (Жаҳон банкининг «Ўрта шаҳарлар» лойиҳаси маблағлари ҳисобидан) тўғрисида батафсил тушунтиришлар берилди.
Тармоқни ривожлантириш доирасида 300–400 млн доллар инвестиция жалб этиш, базальт кластерлари, қуруқ қурилиш аралашмалари, гипсокартон, керамика ва темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш режалаштирилмоқда.
Семинар якунида ҳудудларнинг саноат салоҳиятини тўлиқ ишга солиш, драйвер тармоқларни ривожлантириш ва муаммоли корхоналар билан индивидуал ишлаш бўйича тегишли вазифалар белгилаб олинди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси





