Пенсия — бутун меҳнат фаолиятининг адолатли натижаси
2026-09-02 16:30:00 / Вазирлик янгиликлари

Инсон 25 йил, 30 йил ёки 40 йил меҳнат қилади. Шу йиллар давомида у турли лавозимларда ишлайди, малака оширади, оила боқади, давлат бюджети ва Пенсия жамғармасига ўз ҳиссасини қўшади.
Пенсия ҳисоблашда фуқаронинг охирги ўн йиллик меҳнат фаолияти давомидаги кетма-кет юқори 5 йиллик иш ҳақи олинади. Бу тартиб айрим ҳолларда фуқаро учун қулай бўлиши мумкин. Масалан, инсон умрининг охирги йилларида лавозими ўсган, ойлиги ошган бўлса, унинг пенсияси ҳам юқорироқ ҳисобланади.
Лекин танганинг иккинчи томони ҳам бор — ва у иккита ҳолатни келтириб чиқаради.
Биринчиси — ижтимоий адолат масаласи. Ҳар бир инсоннинг меҳнат йўли бир хил кечмайди. Кимдир 30 йил барқарор ишлайди, лекин пенсияга чиқишга яқин йилларда касал бўлиб қолади, енгилроқ ишга ўтади ёки иш ҳақи камаяди. Кимдир корхона қисқариши, оилавий шароит, ногирон фарзанд ёки кекса ота-она парвариши сабабли охирги йилларда тўлиқ ишлай олмайди. Бундай ҳолатда фақат охирги 5 йиллик иш ҳақига қараб пенсия ҳисоблаш инсоннинг узоқ йиллик меҳнатини тўлиқ акс эттирмайди.
Иккинчиси — тизимдан сунъий фойдаланиш хавфи. Фуқаро узоқ йиллар давомида паст ойлик кўрсатиб ишлаган ёки тўлиқ расмий даромадини кўрсатмаган, аммо пенсияга чиқишга яқин 5 йилда иш ҳақини сунъий равишда оширган бўлиши мумкин. Натижада у йиллар давомида кам ижтимоий солиқ тўлаган бўлса-да, пенсияси юқори иш ҳақи асосида ҳисобланади.
Иккала ҳолат ҳам битта саволга олиб келади: ким кўпроқ йиллар давомида расмий ишлаган ва кўпроқ бадал тўлаган бўлса, унинг меҳнати пенсияда кўпроқ акс этиши керак эмасми?
Хориж тажрибаси: Белоруссия, Латвия, Литва, Қирғизистон, Туркманистон, Украина ва Эстонияда индивидуал пенсия бадаллари жорий қилингандан кейинги барча даврлар иш ҳақи асосида пенсия ҳисобланади. Австрия, Бельгия, Чехия, Финляндия, Швейцария, Туркия, Венгрия, Люксембург ва Грецияда — бутун меҳнат фаолияти иш ҳақлари асосида, Францияда энг яхши 25 йил, Словенияда энг яхши 35 йил, Португалияда энг яхши 40 йиллик иш ҳақидан ҳисобланади.
Демак, муаммонинг ечими “5 йиллик даврни олиб ташлаш” ёки “бутун даврни ҳисоблаш”дан иборат эмас, балки ижтимоий адолатни мустаҳкамлашдир: инсон объектив сабаблар туфайли охирги йилларда камроқ маош олгани унинг бутун умрлик меҳнатини йўққа чиқармаслиги, айни пайтда пенсия сунъий оширилган иш ҳақи эмас, йиллар давомида ҳақиқатан тўланган ижтимоий солиқлар ва расмий меҳнат фаолияти асосида шаклланиши керак.
Пенсия беш йиллик иш ҳақининг эмас, бутун меҳнат фаолиятининг адолатли натижаси бўлиши лозим.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси
