Осиё тараққиёт банки вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
2024-08-02 17:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Учрашувда ОТБ Президенти оффисининг махсус катта маслаҳатчиси Уоррен Эванс, Иқлим ўзгариши бўйича мутахассис Кетлин Энн, ОТБнинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонасининг операциялар бўйича раҳбари Мирзо Искандар Гуламов ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Жасур Каршибаев ва бошқа масъул вакиллар иштирок этдилар.
Мулоқот давомида томонлар мамлакатимизда энергетика соҳасида амалга оширилаётган ўзгаришлар, энергия самарадорликни ошириш, иқлим ўзгаришини юмшатиш, углерод бозорини ривожлантириш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда ирригация тизимини ривожлантириш, сув иситиш тизимларини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, учрашувда яшил иқтисодиётга ўтиш юзасидан олиб борилаётган ислоҳотлар, ҳудудларни ривожлантириш учун шакллантирилаётган мастер-режалар, кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантириш, давлат иштирокидаги корхоналар ва банкларнинг трансформация жараёнлари ҳамда ушбу соҳаларда илгўр тажрибаларда фойдаланиш ва халқаро молия ташкилотлари билан ҳамкорлик юзасидан фикр алмашдилар.
Шу билан бирга, учрашув доирасида Осиё тараққиёт банки билан “Энергетика секторини ривожлантириш” ва “Молиявий бозорларни ривожлантириш” дастурлари доирасида қарз битимлари имзоланди.
Маълумот учун: Ушбу дастурларда кўзланган мақсад энергетика секторини ривожлантириш ва норматив-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, молиявий барқарорлиги яхшилаш, углерод интенсивлиги камайтириш, энергия самарадорлигига талабни оширишга қаратилган ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда капитал бозори инфратузилмаси ва норматив-ҳуқуқий базаси ривожланишига қаратилган ислоҳотларни амалга ошириш ҳисобланади.
Музокаралар якунида томонлар юқорида қайд этилган масалалар юзасидан ҳамкорликдаги фаолиятни янада кенгайтириш ва ривожлантиришга келишиб олдилар.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати



