ЯНГИ УМИД, ЯНГИ МАҚСАДЛАР ЙЎЛИДА 35 ЙИЛ
2026-08-26 18:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Ушбу қутлуғ сана муносабати билан вазирлигимизда маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров иштирок этиб, жамоани Мустақиллик байрами билан самимий муборакбод этди. Ўз табригида мамлакатимиз мустақиллик йилларида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, эришилаётган ютуқлар ҳамда янги марралар сари дадил қадам ташлаётган Янги Ўзбекистон тараққиётида ҳар бир соҳа вакилининг муносиб ҳиссаси борлигини таъкидлади.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Садуллаев Самандар Асадовичнинг “Шуҳрат” медали билан мукофотлангани алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланган ходимларга мукофотлар топширилди.
Байрам дастуридан ўрин олган мусиқий ва театрлаштирилган чиқишлар тадбирга ўзгача руҳ бағишлади. Бадиий чиқишларда халқимизнинг бой тарихи, миллий давлатчилик анъаналари ва аждодларимизнинг илм-фан, маърифат ҳамда озодлик йўлидаги хизматлари акс эттирилди.
Хусусан, буюк аждодларимиз Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Али ибн Сино, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Тўмарис, Нодирабегим ва Жалолиддин Мангуберди сиймолари, шунингдек, жадид адабиётининг ёрқин намояндаси Усмон Носирнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Мазмунан бой ва кўтаринки руҳда ўтган байрам тадбири иштирокчиларда Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга ҳурмат ва мустақиллик неъматининг қадрига етиш туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси









