Ўзбекистон Республикаси Давлат молияси статистикасини такомиллаштиришга бағишланган семинар бўлиб ўтди
2024-07-12 09:40:00 / Матбуот анжуманлари

Тренинг Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Жаҳон банки томонидан молиялаштирилаётган Институционал салоҳиятни ошириш лойиҳаси доирасида ўтказилди.
Тадбирни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Давлат бюджети сиёсати департаменти директори Шерзод Мухамедов очиб берди ва ўз нутқида Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ)нинг ахборот тизимларида мамлакатнинг асосий макроиқтисодий ва молиявий кўрсаткичларини акс эттириш мақсадида ХВЖнинг статистик маълумотлар базасига Давлат бошқаруви сектори, марказий ҳукумат операциялари ва қарзи тўғрисидаги маълумотлар тақдим этиб келинаётганини маълум қилди.
Семинар давомида халқаро эксперт Ирина Дубинина Давлат молияси статистикаси (ДМС) қўлланмаси ҳамда ХВЖнинг чораклик ва йиллик ДМС ҳисоботларини тақдим этиш бўйича талаблар тўғрисида қисқача маъруза қилди.
Шунингдек, семинар давомида халқаро эксперт томонидан ХВЖнинг ДМС-2014 қўлланмасига мувофиқ амалий машғулотлар ўтказилди. Шунингдек, Ўзбекистон томонидан тақдим этилаётган ҳисоботлардаги маълумотлар ва камчиликлар ҳамда семинар якунида Ўзбекистоннинг фискал статистика маълумотларини халқаро стандартлар асосида янада такомиллаштиришга оид устувор йўналишларни белгилаш бўйича муҳокамалар ўтказилди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 мартдаги «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–114-сонли қарори 4-иловаси 5 ва 17-бандларига мувофиқ давлат молияси статистикасини такомиллаштириш, ХВЖ ахборот тизимларида мамлакатнинг асосий макроиқтисодий ва молиявий кўрсаткичларини акс эттиришни таъминлаш ҳамда жамғарманинг Кенгайтирилган маълумотларни тарқатишнинг умумий тизими (к-МТУТ)дан Маълумотларни тарқатишнинг махсус тизими (МТМТ)га ўтиш вазифалари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги зиммасига юклатилган.
Шу муносабат билан, ташкил этилган икки кунлик тренинг якунида халқаро консультант ҳамкорлигида ХВЖ ахборот тизимларида Ўзбекистон Республикасининг асосий макроиқтисодий ва молиявий кўрсаткичларини акс эттиришни таъминлаш бўйича Давлат молияси статистикасини такомиллаштиришга оид тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинишига келишилди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати




