Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш лойиҳасининг оралиқ натижалари муҳокама қилинди
2024-08-21 17:35:00 / Тадбирлар

Ушбу лойиҳа Швейцария Тараққиёт ва Ҳамкорлик Агентлиги (SDC) томонидан молиялаштирилмоқда. Йиғилишда Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш лойиҳасини 2023 йил ва 2024 йилнинг биринчи ярмида амалга ошириш бўйича оралиқ натижалар кўриб чиқилди.
Йиғилишда Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги, БМТ Тараққиёт Дастури, Швейцария Тараққиёт ва Ҳамкорлик Агентлиги (SDC) ва бошқа лойиҳа ҳамкорларидан иборат асосий манфаатдор томонлар иштирок этди.
Тадбир давомида лойиҳанинг 2023 йилдаги асосий натижалари тақдим этилди:
- 13 та ҳудуддан 304 нафар ёш хотин-қиз бизнес-жараёнларни рақамлаштириш бўйича ўқитилди, бу эса ўз тадбиркорлик ташаббусларини янада самарали бошқариш имконини берди;
- 160 нафар ёш стартапи, жумладан, 35 нафар хотин-қиз бизнес таълими ва ривожланиши соҳасида қўллаб-қувватланди ва бу уларнинг бозордаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилди;
- 8 та ҳудудда 24 та хусусий ўқув марказларида бизнес жараёнларини автоматлаштириш бўйича рақамли ечимлар жорий этилди ва бу уларнинг самарадорлигини сезиларли даражада оширди;
- 853 нафар қишлоқ ёшлари ўз рақамли кўникмаларини оширди, бу эса уларнинг иш билан таъминланиш имкониятлари ва иқтисодий фаоллигини юксалтиради.
Бундан ташқари, лойиҳа доирасида стартаплар учун бизнес-инкубация ва акселерация дастурларини ишга тушириш ва юритиш бўйича 3 та методик қўлланма ишлаб чиқилди ҳамда венчур молиялаштириш ва стартап экотизимини ривожлантириш масалалари бўйича давлат-хусусий мулоқотининг 4 та сессияси ташкил этилди.
Лойиҳа шунингдек, Ўзбекистонда иқлим лойиҳалари ва тадбирларини молиялаштириш механизмини оператсионлаштириш бўйича таҳлилий ҳисобот ишлаб чиқишга кўмаклашди ва венчур молиялаштириш бўйича 10 та видео дарс тайёрланди.
Лойиҳа қулай рақамли муҳитни яратиш ва Ўзбекистонда ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун институционал имкониятларни мустаҳкамлаш бўйича фаол иш олиб бормоқда, бу эса мамлакат иқтисодиётининг умумий рақамли трансформациясига ҳисса қўшмоқда.
Бундан ташқари, иштирокчилар 2024 йилнинг қолган қисми учун қуйидаги режаларни кўриб чиқиб, муҳокама қилди:
- ёшлар томонидан бошқариладиган бизнес учун рақамли салоҳиятни ошириш бўйича тренингларни ишлаб чиқиш ва ўтказиш;
- ёш хотин-қизлар учун мослаштирилган рақамли амалиёт дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
- стартаплар учун тадбирлар (Startup Weekend Central Asia, PizzaPitch XL Women, Pizza Pitch XL ва бошқалар) ташкил этилишини қўллаб-қувватлаш;
- миллий маълумотлар стратегиясини ишлаб чиқиш ва сунъий интеллект стратегиялари бўйича тавсияларни тақдим этиш;
- аҳолининг рақамли саводхонлик даражасини ўлчаш учун “Рақамли фуқаро” платформасини ишлаб чиқиш;
- Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг танланган олий таълим муассасаларида акселерация дастурларини институтсионаллаштириш;
- Давлат хусусий мулоқот (PPD) платформасини ташкил этиш учун воситалар ва қоидалар тўпламини ишлаб чиқиш ва давлат ва хусусий манфаатдор томонлар иштирокида PPD намунавий сессиясини ўтказиш;
- хусусий экотизим иштирокчилари билан биргаликда маҳаллий хусусий инвесторлар клубини яратишга кўмаклашиш;
- Корея тараққиёт институти билан биргаликда Ўзбекистоннинг молиявий хизматлар бўйича Тартибга солиш қумдонига оид Пилот дастурини амалга оширишда Иқтисодиёт ва молия вазирлигига кўмаклашишни давом эттириш.
Кенгаш эришилган натижалардан мамнунлигини билдирди ва Ўзбекистоннинг рақамли трансформацияси мақсадларини қўллаб-қувватлашга содиқлигини тасдиқлади. Келгуси даврда лойиҳа ушбу ташаббусларни кенгайтиришга қаратилади.
Лойиҳа Кенгаши йил охирида яна йиғилиб, йил давомида эришилган ютуқларни кўриб чиқади ва лойиҳанинг кейинги босқичи учун режани белгилайди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати



