Халқаро валюта жамғармаси вакиллари билан фискал бошқарув ва давлат молиясини бошқариш масалалари муҳокама қилинди
2026-08-24 23:35:00 / Вазирлик янгиликлари

Мулоқот давомида Халқаро валюта жамғармаси билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, фискал бошқарув ва давлат молиясини бошқариш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувда фискал ривожланиш соҳасида белгиланган асосий мақсадлар, ушбу йўналишда амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳамда давлат молиясини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, фискал хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва мониторинг қилиш, уларнинг давлат молияси барқарорлигига эҳтимолий таъсирини ҳисобга олиш ҳамда фискал хатарларни бошқариш механизмларини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан фикр алмашилди.
Шу билан бирга, муҳокамалар давомида бюджет даромадлари ва харажатларини шакллантириш тартиблари, уларни режалаштириш ва прогнозлаштириш жараёнларини такомиллаштириш масалаларига тўхталиб ўтилди. Мазкур йўналишда бюджет ресурсларини самарали бошқариш ҳамда молиявий режалаштиришнинг изчиллиги масалаларига эътибор қаратилди.
Музокаралар якунида томонлар ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш ҳамда юқоридаги масалалар юзасидан фикрлар алмашинуви жараёнларини кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси





