Тошкентда «Silk Road Finance & Technology Forum» бўлиб ўтмоқда
2026-08-24 17:10:00 / Вазирлик янгиликлари

24–26 август кунлари Тошкентда ўтказилаётган мазкур халқаро форум Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Сингапур Monetary Authority томонидан ташкил этилган «Global Finance & Technology Network» (GFTN) ҳамкорлигида ўтказилмоқда. Форум молия, инновациялар ва давлат сиёсати масалаларини бир майдонда муҳокама қилиш, халқаро тажрибани жалб этиш ҳамда Марказий Осиёда молиявий технологиялар ривожи учун янги ҳамкорлик имкониятларини шакллантиришга қаратилган.
Тадбирнинг очилиш сессиясида Ўзбекистоннинг молиявий технологияларни ривожлантириш, хусусий капитални жалб этиш ва янги молиявий инструментларни жорий қилиш борасидаги устувор йўналишлари ҳақида сўз юритилди.
Хусусан, молиявий технологияларни ривожлантириш мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ошириш, молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда барқарор иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашнинг муҳим омилларидан бири сифатида қайд этилди. Замонавий FinTech ечимлари капитални янада самарали тақсимлаш, молиявий ресурслар ҳаракатини тезлаштириш ва иқтисодий жараёнларда самарадорликни ошириш учун янги имкониятлар яратмоқда.
Шу нуқтаи назардан, молиявий технологияларни ривожлантириш учун, аввало, барқарор ва прогноз қилинадиган макроиқтисодий муҳитни шакллантириш муҳим экани таъкидланди.
Жумладан, сўнгги ўн йил давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган таркибий ислоҳотлар натижасида мамлакат иқтисодиёти ўртача 6–7 фоиз суръатларда ўсиб, ЯИМ ҳажми қарийб уч баробар — 60 миллиард доллардан 180 миллиард долларгача ошиб бораётганлиги, аҳоли жон бошига ЯИМ 1 900 доллардан 4 600 долларгача етганлиги, инфляция эса икки хонали даражадан бир хонали кўрсаткичгача пасайганлиги қайд этиб ўтилди.
Шунингдек, иқтисодий барқарорлик Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлигини ҳам мустаҳкамлаб бораётганлиги, келгусида инвестиция даражасидаги суверен кредит рейтингига эришиш, ЖСТга аъзолик жараёнини якунлаш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш ва бозор тамойилларига асосланган ислоҳотларни давом эттириш устувор йўналишлар сифатида белгиланганлиги таъкидлаб ўтилди.
Форум доирасидаги кейинги муҳокамаларда Ўзбекистонда замонавий, рақобатбардош ва инклюзив молиявий тизимни шакллантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Бунда технологиялар орқали молиявий хизматлардан фойдаланишдаги мавжуд тўсиқларни камайтириш, инновацияларни рағбатлантириш, молиявий тизимнинг глобал иқтисодиёт билан интеграциясини кучайтириш ва ишончни мустаҳкамлаш муҳим йўналишлар сифатида кўрилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистоннинг FinTech экотизими учун мавжуд бозор салоҳияти ҳам ушбу йўналишларни ривожлантириш учун муҳим замин яратмоқда. 38 миллиондан ортиқ аҳолига эга мамлакатда аҳолининг катта қисмини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади, рақамли технологиялардан фойдаланиш даражаси эса қарийб 70 фоизга етган.
Соҳани 2030 йилгача ривожлантириш доирасида 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестицияларни жалб қилиш, 5 мингдан ортиқ мутахассис тайёрлаш, 200 дан ортиқ лицензияланган бозор иштирокчиларини шакллантириш ва 100 та стартапни инкубация дастурларидан чиқариш каби мақсадлар белгиланган.
Шунингдек, форумнинг асосий кун тартибидан Open Banking, рақамли активлар ва stablecoinлар, трансчегаравий тўловлар, исломий молия, инновациялар ва инвестициялар каби стратегик йўналишлар ўрин олган. Тадбир дастурида сунъий интеллект, квант технологиялари, кибербарқарорлик, рақамли активларни тартибга солиш ва стартапларни ривожлантиришга бағишланган сессиялар ҳам мавжуд.
Форум концепцияси «Al-Jabr» ғояси билан ҳамоҳанг бўлиб, у «қисмларни бирлаштириш» мазмунини англатади. Бу ғоя Хоразм заминидан етишиб чиққан буюк аллома Муҳаммад ал-Хоразмий мероси билан боғлиқ бўлиб, бугунги кунда молия, технология, капитал ва халқаро ҳамкорликни ягона экотизимда бирлаштиришга қаратилган форум руҳини ифодалайди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси




