Денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
2026-08-21 21:50:00 / Вазирлик янгиликлари

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Абидхaжаев ҳамда “ITTLLDC” Ижрочи директори Дамдин-Од Дулгун иштирок этди. Шу билан бирга, учрашувда вазирлик марказий аппарати, вазирлик ҳузуридаги “Яшил иқтисодиёт лойиҳа маркази”, “Яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш, фискал таҳлиллар институти”, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти масъуллари қатнашдилар.
Мулоқот давомида денгизга чиқиш имконияти бўлмаган мамлакатларнинг транспорт ва логистика салоҳиятини ривожлантириш, халқаро транспорт йўлакларига интеграциялашувини кенгайтириш, савдо харажатларини камайтириш ҳамда минтақавий боғлиқликни мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, “ITTLLDC” фаолиятининг устувор йўналишлари, жумладан, транспорт ва транзит йўлакларини ривожлантириш, иқтисодий диверсификация, рақамли трансформация ҳамда институционал салоҳиятни ошириш бўйича фикр алмашилди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг транзит ва транспорт-логистика салоҳиятини ошириш, ташқи савдо йўналишларини диверсификация қилиш ҳамда минтақавий боғлиқликни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, “ITTLLDC”нинг Ўзбекистондаги “Тараққиёт стратегияси” маркази, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳамда Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти билан ҳамкорлигини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув якунида томонлар транспорт-логистика, савдо-иқтисодий ривожланиш ва таҳлилий тадқиқотлар йўналишларида ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси





