Давлат молиясини бошқаришни такомиллаштиришга бағишланган халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди
2026-08-21 19:10:00 / Вазирлик янгиликлари

Анжуман давлат молиясини бошқариш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни илмий ва амалий жиҳатдан муҳокама қилиш, миллий ҳамда халқаро тажриба алмашувини кенгайтириш, шунингдек, соҳани янада ривожлантиришга қаратилган илмий-амалий таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилди.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фазилкаримов, БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили ўринбосари Анас Файяд Қарман ҳамда БМТТДнинг Истанбулдаги минтақавий марказида Тараққиёт учун давлат молияси дастури раҳбари Виктория Млинарчикова кириш сўзлари билан очиб бердилар.
Ялпи мажлисда тақдимотларда Ўзбекистонда давлат молиясини бошқариш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, замонавий халқаро тенденциялар, яшил молиялаштириш, хавфларни бошқариш, ички назорат ва ички аудит, яшил ва гендерга йўналтирилган бюджетлаштириш, давлат хизмати ва давлат молиясида сунъий интеллектдан фойдаланиш ҳамда давлат харажатлари самарадорлигини баҳолаш масалалари ёритилди.
Анжуман анъанавий ва онлайн шаклда ўтказилиб, унда давлат органлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари, маҳаллий ва хорижий экспертлар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчилар ҳамда амалиётчи мутахассислар иштирок этдилар.
Куннинг иккинчи ярмида анжуман иши тўртта шўба доирасида давом этди. Уларда давлат молиясини бошқаришда тизимли ислоҳотлар, рақамли трансформация ва сунъий интеллект технологиялари; яшил иқтисодиёт ва барқарор молиявий сиёсат; гендерга йўналтирилган бюджетлаштириш; бюджет ҳисоби ҳамда давлат секторида ички аудит ва ички назорат тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Муҳокама ва савол-жавоблар давомида иштирокчилар давлат молиясини бошқаришнинг долзарб йўналишлари юзасидан фикр алмашиб, илмий асосланган ёндашувлар ва амалий таклифларни илгари сурдилар.
Анжуман, шунингдек, давлат молиясини бошқариш соҳасида фаолият юритаётган ходимларнинг касбий ва институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш, илғор хорижий тажриба ҳамда замонавий ёндашувларни амалиётга жорий этиш, бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлиги, шаффофлик ва ҳисобдорликни янада ошириш мақсадларига хизмат қилди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси







