Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тизимида навбатдаги ўқув-семинари ташкил этилди: бюджет интизоми ва коррупцияга қарши курашиш диққат марказида
2026-08-20 14:05:00 / Вазирлик янгиликлари

Хусусан, жорий йилнинг 19 август куни соат 15:00 да навбатдаги давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ушбу тадбир бюджет интизомига риоя этилишини таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мавзусига бағишланди.
Семинарда жами 7 та гуруҳга бўлинган ҳолда 110 нафар ҳудудий иқтисодиёт ва молия органлари, Ғазначилик хизмати қўмитаси ва Пенсия жамғармаси тизими ходимлари иштирок этди.
Жумладан:
Ҳудудий иқтисодиёт ва молия бош бошқармаларининг Саноатни ривожлантириш йиғма бўлими бош мутахассислари;
Ҳудудий иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси Урбанизация, уй-жой ва мастер режаларни ишлаб чиқиш, инвестиция, ДХШ, ижтимоий ва ишлаб чиқариш дастурларини шакллантириш шўъбаси етакчи мутахассислари;
Туман (шаҳар) иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғининг ҳудудларни комплекс иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари;
Туман (шаҳар) иқтисодиёт ва молия бўлими Бюджет даромадларини прогнозлаштириш ва таҳлил қилиш бўйича бош мутахассислари;
Туман (шаҳар) иқтисодиёт ва молия бўлими Маҳаллаларнинг молиявий таъминотини таъминлаш ва фуқаролар ташаббусли бюджети жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича бош мутахассислари;
Туман (шаҳар) Ғазначилик хизмати бўлинмаси бошлиқлари;
Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари Фуқароларга хизмат кўрсатиш шўъбаси бош мутахассислари малака оширдилар.
Ўқув дастурига асосан, семинар давомида Вазирликнинг Ички аудит департаменти ва Комплаенс хизмати бошқармаси масъул ходимлари томонидан дастурда белгиланган долзарб масалалар бўйича маълумотлар тақдим этилди.
Хусусан, 2025 йилда Давлат бюджети, жумладан, маҳаллий бюджетлар даромадлари прогнозлари ва харажатларининг ҳақиқатда бажарилиши, аудит ва назорат тадбирлари натижасида 2025–2026 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетлари, шунингдек, Ғазначилик хизмати ва Пенсия жамғармаси тизимида аниқланган хато ва камчиликлар атрофлича таҳлил қилинди.
Вазирлик тизимида 2025–2026 йилларда коррупцияга қарши курашиш ва манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини бартараф этиш борасида олиб борилган чора-тадбирлар, ташкил этилган профилактик тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Тадбир якунида иштирокчиларнинг бюджет интизомини мустаҳкамлаш, коррупция ва манфаатлар тўқнашуви ҳолатларининг олдини олиш юзасидан фикр ва таклифлари эшитилди.
Бу каби ўқув-семинарлари ва давра суҳбатлари тасдиқланган режа-жадвал асосида вазирликнинг бошқа тузилмалари ходимлари иштирокида давом эттирилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси




