«J.P. Morgan»: Ўзбекистоннинг сўмдаги суверен халқаро облигациялари нуфузли “GBI-EM” индексига киритилди
2026-08-08 16:40:00 / Вазирлик янгиликлари
Жаҳон молия бозорларида фаолият юритувчи етакчи инвестиция банкларидан бири “J.P. Morgan” томонидан Ўзбекистон Республикасининг сўмдаги суверен халқаро облигациялари 2026 йил 30 сентябрдан бошлаб “Government Bond Index – Emerging Markets (“GBI-EM”)” индекси таркибига киритилиши эълон қилинди.
Маълумот учун: 2026 йилда 1 млрд АҚШ доллари эквивалентидаги (12,2 трлн) 3 йиллик суверен халқаро облигациялар 12,25 фоиз ставкасида (ички молия бозорига нисбатан ўрта ҳисобда 14 базис пункт паст) жойлаштирган эди.
Ушбу эмиссия Марказий ва Шарқий Европа, Яқин Шарқ ва Африка минтақасида сўнгги 15 йил ичидаги миллий валютадаги энг йирик транзакция сифатида қайд этилган эди.
Ўзбекистон айни пайтда МДҲ мамлакатлари орасида миллий валютадаги суверен облигациялари “GBI-EM” индексига киритилаётган ягона давлат ҳисобланади.
“GBI-EM” индексининг аҳамияти ва таркиби
“GBI-EM” ривожланаётган мамлакатларнинг миллий валютадаги давлат облигациялари бозорини кузатувчи дунёдаги етакчи индекслардан бири бўлиб,
300 млрд АҚШ долларидан ортиқ активларни бошқарувчи халқаро инвесторлар томонидан ўз инвестиция қарорларини қабул қилишда фойдаланилади.
Маълумот учун: ҳозирги кунда индексга 20 та ривожланаётган мамлакатлар киритилган бўлиб, шундан 13 таси инвестиция даражасига эга мамлакатлар ҳисобланади.

Мамлакатнинг “GBI-EM” индексига киритилиши халқаро инвесторлар томонидан Ўзбекистон иқтисодиётига ишончнинг ортиб бораётганини билдиради ҳамда инвесторлар базасини кенгайтириш ва ташқи манбалардан маблағларни жалб қилишда фоиз ставкаларни пасайтиришга хизмат қилади.
Маълумот учун: Парагвайнинг миллий валютадаги суверен халқаро облигациялари “GBI-EM” индексига киритилиши натижасида ушбу мамлакат эмитентлари учун маблағларни жалб қилиш фоиз ставкалари 1 фоизгача пасайган эди.

Мамлакатимизнинг “GBI-EM” индексига киритилиши Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларнинг муҳим амалий натижаси бўлиб, миллий валютадаги маблағларни жалб қилиш, валюта рискларини камайтириш ва инвестицияларни диверсификация қилиш имкониятларини кенгайтиради.

Қайд этиш лозимки, 2025-2026 йиллар давомида Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги бир неча марта яхшиланди. Хусусан:
“Fitch” халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон суверен кредит рейтингини 2025 йил 26 июнь санасида “BB-”дан “BB”га оширди ҳамда 2026 йилнинг 3 июнь санасида республика рейтинг кутилмасини “Барқарор”дан “Ижобий”га ўзгартирди;
“S&P” халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон суверен кредит рейтингини 2025 йилнинг 23 май санасида рейтинг кутилмасини “Барқарор”дан “Ижобий”га ўзгартирди ҳамда 21 ноябрда республика кредит рейтингини “BB-”дан “BB”га оширди;
“Moody’s” халқаро рейтинг агентлиги 2025 йилнинг 13 июнь санасида Ўзбекистон суверен кредит рейтинги кутилмасини “Барқарор”дан “Ижобий”га ўзгартирди ҳамда 2026 йилнинг 25 июнь санасида рейтингни “Ba3”дан “Ba2”га оширди.
Халқаро рейтинг агентликлари ўз ҳисоботларида Ўзбекистонда макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилган изчил сиёсат, барқарор ва диверсификациялашган иқтисодий ўсиш ҳамда фискал кўрсаткичларнинг яхшиланишини ижобий баҳолаган.
Хусусан, бюджет интизомининг кучайиши, давлат қарзининг барқарор даражада сақланиши, халқаро захираларнинг ошиб бориши ва давлатнинг ўз шартли мажбуриятларини (ДХШ лойиҳалари доирасида ва давлат корхоналарининг кафолатланмаган мажбуриятлари) бошқариш механизмларига алоҳида эътибор қаратилган.
Халқаро рейтинг агентликлари Ўзбекистон иқтисодиётининг ташқи шокларга чидамлилиги ошгани, бошқарув сифатини яхшиланиши ва инвесторларнинг Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини эътироф этган.

Миллий валютадаги давлат облигациялари бозори
Сўнгги йилларда Давлат қарзини бошқаришнинг ўрта муддатли стратегиясига мувофиқ давлат қимматли қоғозлари бозорини ривожлантириш чоралари кўрилмоқда.
Хусусан, давлат қимматли қоғозларининг ўртача тортилган фоиз ставкаси 2022 йилдаги 17,1 фоиздан 2026 йил биринчи ярим йиллигида 12,6 фоизгача (-4,5 фоиз) пасайган бўлса, ўртача тортилган сўндириш даври 1,5 йилдан 2,35 йилгача узайди.
Фоиз ставкаларининг пасайиши ички молия бозорларидан молиялаштириш харажатларини мақбуллаштириш имкониятини кенгайтиришга, сўндириш муддатининг узайиши эса қайта молиялаштириш хатарларини пасайтиришга хизмат қилмоқда.
Қайд этиш лозимки, 2026 йил биринчи ярим йиллигида ўрта муддатли давлат ғазначилик облигацияларининг улуши эмиссиянинг 69 фоизига ҳамда иккиламчи бозордаги савдоларда 63 фоизга етди. Бу ички молия бозорларида ўрта ва узоқ муддатли молиявий инструментлар аҳамиятини ортиб бораётганини кўрсатади.
Давлат қарзи таркибида давлат ғазначилик облигацияларининг улуши 9 фоизга, миллий валютадаги қарз улушини 12,2 фоизга етказилиши молиялаштириш манбаларини диверсификация қилиш ва валюта хатарларини пасайтириб бориш имкониятини бермоқда.
Шу билан бирга, ички молия бозорларига халқаро инвесторларни жалб қилиш учун зарур инфратузилмани халқаро стандартларга мувофиқ таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
Хусусан, 2026 йилда “Raiffeisen Bank International” томонидан Ўзбекистон бозорида кастодиан хизматларининг йўлга қўйилиши хорижий инвесторларнинг маҳаллий қимматли қоғозларга кириш имкониятларини кенгайтириш, активларни сақлаш ва ҳисоб-китоб жараёнларини халқаро амалиётга мувофиқ ташкил этиш учун инфратузилмавий имконият яратмоқда.
Бозор инфратузилмасини янада ривожлантириш, инвесторлар базасини кенгайтириш ҳамда ички давлат қимматли қоғозларининг халқаро инвесторлар учун жозибадорлигининг ошиши барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш учун зарур молиявий ресурсларни мақбул шартларда жалб қилишга хизмат қилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси
