Халқаро валюта жамғармаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
2026-08-07 17:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Учрашув давомида томонлар икки томонлама ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, кадрлар салоҳиятини ошириш ва қўшма таҳлилий тадқиқотлар ўтказиш соҳаларидаги истиқболли ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ходимларини салоҳиятини ошириш бўйича "JISPA" дастури ва ушбу дастурнинг аҳамияти ҳамда афзалликлари бўйича маълумот берилди.
Ушбу дастур Япония Ҳукумати ва ХВЖ ҳамкорлигида амалга ошириладиган нуфузли таълим дастури бўлиб, унинг асосий мақсади Осиё ва Тинч океани минтақасидаги давлат секторида фаолият юритаётган истиқболли мутахассисларни иқтисодий сиёсат, макроиқтисодий таҳлил, давлат молияси ва институционал бошқарув соҳаларида юқори малакали кадрлар сифатида тайёрлашдан иборат.
Дастур доирасида иштирокчиларга Япониянинг етакчи университетларида иқтисодиёт, макроиқтисодиёт, давлат сиёсати ва давлат молияси йўналишлари бўйича магистратура ва докторантура босқичларида таҳсил олиш имконияти яратилади. Таълим жараёни халқаро стандартларга асосланган бўлиб, назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштириш, иқтисодий ислоҳотларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича замонавий ёндашувларни чуқур ўзлаштиришга қаратилган.
Дастур "JISPA" нафақат академик билимларни мустаҳкамлаш, балки иштирокчиларнинг халқаро экспертлар, олимлар ва давлат бошқаруви соҳасидаги мутахассислар билан тажриба алмашишини ҳам таъминлайди. Бу эса уларнинг стратегик фикрлаш, таҳлилий ёндашув ва самарали давлат бошқаруви кўникмаларини янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Дастурни муваффақиятли тамомлаган стипендиатлар вазирликка қайтиб фаолият юритиш орқали иқтисодий сиёсатни шакллантириш, молиявий барқарорликни мустаҳкамлаш ва барқарор иқтисодий ривожланишга қаратилган ислоҳотларни амалга оширишда муносиб ҳисса қўшиши кутилмоқда.
Учрашув якунида вазирлик ҳамда ХВЖ ҳамкорликни янада ривожлантириш, истиқболли лойиҳаларини биргаликда амалга оширишдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси





