«Очиқлик индекси» ва буджет очиқлигига оид маълумотлар билан ишлаш бўйича амалий ўқув семинари ўтказилди
2026-08-07 16:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Семинарда вазирлик тизимида очиқ маълумотларни шакллантириш, текшириш, тақдим этиш ҳамда ахборот ресурсларига жойлаштириш учун масъул бўлган таркибий бўлинмалар ходимлари, шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Миллий статистика қўмитаси ва «Ўзкомназорат» инспекциясининг масъул ходимлари иштирок этди.
Тадбирни Иқтисодиёт ва молия вазирининг Комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари Жалол Қурбонов кириш сўзи билан очиб, давлат органлари фаолиятида очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлаш, жамоатчилик учун муҳим маълумотларни ўз вақтида ҳамда сифатли эълон қилиб боришнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди.
Семинар давомида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мутахассиси томонидан «Очиқлик индекси»ни баҳолаш методологияси ва вазирликнинг рейтинг натижалари юзасидан маълумот берилди. Шунингдек, Миллий статистика қўмитаси мутахассиси очиқ маълумотларни шакллантириш ва Очиқ маълумотлар порталига тақдим этиш талаблари ҳақида тушунтириш берди.
«Ўзкомназорат» инспекцияси мутахассиси расмий веб-сайтларда маълумотларни жойлаштириш ҳамда уларнинг рақамли мониторингини олиб бориш масалаларига тўхталди. Фискал таҳлиллар институти мутахассислари томонидан эса буджет очиқлиги бўйича қонунчилик талаблари, эълон қилиниши лозим бўлган маълумотлар, шунингдек, ахборотларни жойлаштириш жараёнида учраётган типик хато ва камчиликлар таҳлил қилинди.
Семинар доирасида очиқ маълумотларнинг тўлиқлиги, ишончлилиги ва долзарблигини таъминлаш, уларни белгиланган муддатларда янгилаб бориш, аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш ҳамда масъул ходимлар фаолиятини самарали мувофиқлаштириш юзасидан амалий тавсиялар берилди.
Тадбир якунида вазирлик тизимида очиқликни таъминлаш ва буджетга оид маълумотларни жамоатчиликка тақдим этиш сифатини янада ошириш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси









