9-май ёд этамиз ва қадрлаймиз!
2025-05-09 / Воқеалар тақвими

Муҳтарам фахрийлар, ҳурматли юртимиз меҳмонлари, ҳамкасбларим, Сиз, азизларни, кўп миллатли бутун халқимизни “9-май – Хотира ва қадрлаш куни” билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Иккинчи жаҳон урушида ғалабага беқиёс ҳисса қўшган, қолаверса, мустақил Ўзбекистонимиз тинчлиги йўлида жон берган мангу жасорат соҳиблари ва хизмат вазифаларини бажариш жараёнида жасорат кўрсатган ҳамкасбларимнинг пок руҳлари олдида таъзим қиламан.
Сизларнинг хотирангиз, матонат мадҳияси ўлароқ тоабад қалбларда қолади.
Ҳозирги тинч-омон кунлар учун шафқатсиз урушларда, машаққатли меҳнат фронтида мардлик ва жасорат кўрсатган барча фахрийларимизга ҳам юксак ҳурмат ва эҳтиромимни изҳор этаман.
Бугунги озод ва эркин ҳаётимиз, фарзандларимизнинг бахти ва камоли учун Сизларнинг ва марҳум сафдошларингиз олдида барчамиз қарздормиз.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, хонадонларингизга қут-барака тилайман!
Эҳтиром ила,
Шерзод Кудбиев
