Ўзбекистонда илк бор қишлоқ хўжалиги фаолияти ҳисоби бўйича алоҳида миллий стандарт ишлаб чиқилди
2026-08-03 15:40:00 / Вазирлик янгиликлари

Янги стандарт биологик активлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, ҳосилдор ўсимликлар ҳамда биологик активларга тааллуқли давлат ёрдамини бухгалтерияда ҳисобга олиш, баҳолаш, молиявий ҳисоботда тақдим этиш ва ёритиб беришнинг ягона қоидаларини белгилайди. Бу эса қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳисоб объектларини аниқ таснифлаш, ягона ҳисоб юритиш ёндашувини шакллантириш ҳамда молиявий ахборотнинг қиёсланувчанлиги ва ишончлилигини таъминлашга хизмат қилади.
Стандартни ишлаб чиқишда 41-сон МҲХС (IFRS) «Қишлоқ хўжалиги» тамойиллари асос қилиб олинган бўлсада, янги миллий ҳужжат Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг ўзига хос хусусиятларини тўлиқ инобатга олган ҳолда шакллантирилди. Хусусан, фермер хўжаликлари, агрокластерлар, пахтачилик, ғаллачилик, боғдорчилик, узумчилик, сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик ва пиллачилик йўналишларининг амалий жиҳатлари инобатга олинган.
Мазкур стандартнинг муҳим афзалликлари – унинг амалиётга яқинлиги ва қўллашдаги қулайлиги ҳамда тадбиркорлар, фермерлар ва агробизнес субъектлари учун янада тушунарли ҳисоб қоидаларини белгилайди.
Умуман, 70-сон МҲМС қабул қилиниши қишлоқ хўжалиги соҳасида шаффофликни ошириш, молиявий маълумотларнинг ишончлилигини кучайтириш, инвесторлар ва кредиторлар учун аниқ ахборот манбаини шакллантириш, бухгалтерия ҳисобини замонавий халқаро талаблар асосида ташкил этиш, тадбиркорлик субъектлари учун ҳисоб юритишни янада соддалаштириш ва мамлакат инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги мазкур стандарт лойиҳаси юзасидан барча тадбиркорлик субъектлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, бухгалтерлар ва аудиторлар, шунингдек, соҳа мутахассислари ҳамда кенг жамоатчиликни лойиҳа муҳокамасида фаол иштирок этишга чақиради:
https://regulation.adliya.uz/project/10841/33854?contentLang=uz
Маълумот учун: Бугунги кунга қадар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан молиявий ҳисобот тизимининг энг муҳим фундаментал стандартлари Молиявий ҳисоботни тузиш ва тақдим этишнинг концептуал асослари (р/р:3854, 2026 йил 10 июнь) ҳамда 2-сонли Молиявий ҳисоботларни тайёрлаш асослари: ҳисоб сиёсати ва ҳисоб баҳолари (р/р:3810, 2026 йил 11 апрель) МҲМС стандартлари ишлаб чиқилиб, тасдиқланди. Мазкур янги стандартлар 2027 йил 1 январдан бошлаб кучга киради.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси
