Париж битимининг 6-моддасини амалга ошириш ва халқаро углерод бозорида мамлакатимизнинг иштирокини жадаллаштириш бўйича семинар-тренинг бўлиб ўтди
2026-07-21 21:10:00 / Вазирлик янгиликлари

Тадбирда (GIZ) томонидан жалб қилинган Германиянинг “Integration Consulting” компанияси эксперти Зсолт Ленгел халқаро тажриба ва илғор ёндашувлар бўйича маърузалар билан иштирок этди.
Семинар давомида халқаро углерод бозорлари механизмларини жорий этиш учун ишлаб чиқилаётган Стандарт операцион тартиб-таомиллар, лойиҳаларни баҳолаш ва авторизациялаш механизмлари, шунингдек, юмшатиш фаолиятлари учун ижобий ва салбий рўйхатларни шакллантириш бўйича халқаро тажриба атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, иссиқхона газлари эмиссиялари учун компенсация тўловлари ҳамда иссиқхона газлари эмиссияларини қисқартиришга қаратилган лойиҳаларни халқаро углерод савдосини ташкил этиш механизмлари ўртасидаги асосий фарқлар кўриб чиқилди.
Маълумот учун: иссиқхона газлари чиқарилиши учун компенсация тўловлари — бу атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатганлик учун амалга ошириладиган мажбурий тўловлардир. Иссиқхона газлари эмиссияларини қисқартириш лойиҳалари эса иқлим ўзгариши таъсирини юмшатишга қаратилган бўлиб, яшил инвестицияларни жалб қилиш имконини яратади.
Иштирокчилар қўшимчалилик, Миллий миқёсда белгиланган ҳиссалар (NDC) билан мувофиқлик, мониторинг қилиш, ҳисобот бериш ва верификация қилиш (MRV) талаблари ҳамда экологик ва ижтимоий хавфсизлик масалалари юзасидан амалий билимларга эга бўлдилар.
Қолаверса, амалий машғулотлар мамлакатимиз шароитида ижобий ва салбий рўйхатга ажратиш учун қайта тикланувчи энергия, энергия самарадорлиги, саноатни декарбонизация қилиш ва чиқиндиларни бошқариш йўналишларидаги аниқ лойиҳалар мисолида олиб борилди.
Мазкур ташаббус Ўзбекистоннинг халқаро углерод бозорларида иштирок этиш салоҳиятини ошириш ҳамда лойиҳаларнинг халқаро стандартларга мувофиқ юқори сифатда халқаро савдосини йўлга қўйишга хизмат қилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси








