Наманган вилоятида келажакка ҳозирлик, янги иқтисодиёт ва сунъий интеллект масалалари муҳокама қилинди
2026-07-29 19:30:00 / Вазирлик янгиликлари

Жорий йилнинг 28–29 июль кунлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) ҳамкорлигида Наманган вилоятида «Келажакка тайёр иқтисодиёт сари: янги имкониятлар ва стратегик ёндашувлар» мавзусида икки кунлик тадбирлар ўтказилди. Унда маҳаллий ҳокимият органлари, олий таълим муассасалари, IT Park резидентлари, тадбиркорлар ва стартапчилар иштирок этди.
Ташриф доирасида Наманган вилояти ҳокими Шавкат Шокирджанович билан учрашув ўтказилиб, ҳудуд иқтисодиётини сунъий интеллект, инновациялар ва замонавий технологиялар асосида ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, 15 нафарга яқин ҳоким маслаҳатчиси ва стартапчи томонидан 35 дан ортиқ сунъий интеллект лойиҳаси тақдим этилди. Халқаро эксперт Самер Чидиак уларнинг бизнес модели, амалий қиймати ва ривожланиш имкониятларини баҳолаб, муаллифларга аниқ тавсиялар берди.
Ташриф давомида Наманган вилояти ҳокимлигининг Вазиятларни бошқариш маркази, «Megaton» корхонаси, IT Park Наманган вилояти филиали ва Наманган давлат техника университетидаги инновацион ишланмалар билан танишилди.
Тадбирнинг иккинчи кунида 100 нафардан ортиқ олим, тадбиркор ва стартапчи иштирокида глобал технологик ўзгаришлар, янги бизнес моделлари ҳамда илм-фан ва саноат ҳамкорлигига бағишланган семинар ўтказилди.
Ўтказилган учрашувлар ва муҳокамалар Наманганда илм-фан, бизнес ва давлат ўртасида янги мулоқот майдонини шакллантирди. Бу эса мавжуд ғояларни пухта тайёрланган, иқтисодий жиҳатдан асосланган ва инвестиция жалб қилишга тайёр лойиҳаларга айлантириш учун муҳим замин яратади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси









