Демографик ўзгаришлардан иқтисодий имконият сари: Ўзбекистоннинг иш ўринлари ва инсон капитали келажаги муҳокама қилинди
2026-07-24 20:45:00 / Вазирлик янгиликлари

Семинарда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, UNFPA, халқаро институтлар ҳамда республиканинг 40 дан ортиқ вазирлик ва идораларидан 80 нафарга яқин масъул иштирок этди.
Семинар давомида Ўзбекистонда демографик ривожланишнинг бугунги ҳолати ва 2050 йилгача бўлган истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, демографик ўзгаришлар шароитида иқтисодиёт ва меҳнат бозори, инсон капитали ҳамда ижтимоий соҳада юзага келиши мумкин бўлган босимлар таҳлил қилиниб, уларни самарали бошқариш ва салбий таъсирини камайтиришга қаратилган таклиф ҳамда тавсиялар билдирилди.
Халқаро эксперт Самер Чидиак фасилитаторлигида иштирокчилар Ўзбекистоннинг келажакдаги ривожланишига доир тўртта эҳтимолий сценарийни таҳлил қилди. Бунда сценарийлар аниқ прогноз сифатида эмас, балки истиқболдаги имконият ва хатарларни баҳолаш ҳамда самарали ечимларни ишлаб чиқиш воситаси сифатида қўлланилди.
Муҳокамалар бешта устувор йўналиш — аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, ёшлар ва келажак истеъдодларини ривожлантириш, фаол кексайиш, ўзгариб бораётган меҳнат моделлари ҳамда келажак кўникмалари ва умрбод таълим бўйича ишчи гуруҳларда олиб борилди. Унда сунъий интеллект ва автоматлаштиришнинг меҳнат бозорига таъсири, ёшларни истиқболли касбларга тайёрлаш, аёлларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, норасмий бандликни қисқартириш, аҳоли кексайишига тайёргарлик кўриш ҳамда замонавий қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Семинар якунлари бўйича “Иш ўринлари ва инсон капитали келажаги” ташаббуслар портфели шакллантирилиб, унда келажакдаги имконият ва муаммоларга жавоб берувчи амалий сиёсатлар, лойиҳалар ҳамда стратегик ташаббуслар жамланди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси








