Иш ҳақи чегарасининг оширилиши 520 минг фуқаронинг пенсиясига ижобий таъсир кўрсатди
2026-07-25 15:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Пенсия ҳисоб-китобида инобатга олинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори миқдорини босқичма-босқич ошириб бориш ҳам давлатнинг кучли ижтимоий сиёсат юритишга қаратилган изчил чора-тадбирларининг амалий ифодасидир.
Мазкур ёндашув пенсия тўловларининг адолатлилигини таъминлаш, фуқароларнинг кўп йиллик меҳнати ва олган иш ҳақини муносиб баҳолаш, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга хизмат қилади.
520 минг нафар фуқаронинг пенсияси ошди
2023 йилдан бошлаб пенсияни ҳисоблаш учун инобатга олинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори миқдори пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн бараваридан ўн икки бараваригача оширилди.
Дастлаб мазкур ўзгариш натижасида 370 минг нафардан ортиқ фуқаронинг ойлик пенсияси ўртача 400 минг сўмга кўпайди.
Бугунги кунга келиб, қонунчиликка киритилган ушбу ўзгартириш 520 минг нафар фуқаронинг пенсия миқдори ўртача 600 минг сўмга ошишига хизмат қилди.
Пенсия миқдори қандай ўзгарди?
2023 йил 1 январь ҳолатига пенсияни ҳисоблаш базавий миқдори 324 минг сўмни ташкил этган.
Аввалги тартибга кўра, пенсия ҳисоб-китобида инобатга олинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори миқдори пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн бараварига тенг бўлган:
324 минг сўм × 10 = 3 млн 240 минг сўм.
Пенсия тайинлаш учун талаб этиладиган иш стажига, яъни эркаклар учун 25 йил, аёллар учун 20 йил иш стажига эга фуқарога ушбу иш ҳақининг 55 фоизи миқдорида пенсия ҳисобланган:
3 млн 240 минг сўм × 55 фоиз = 1 млн 782 минг сўм.
2023 йил 1 январдан бошлаб пенсия ҳисоб-китобида инобатга олинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори чегараси пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн икки бараваригача оширилди:
324 минг сўм × 12 = 3 млн 888 минг сўм.
Натижада талаб этиладиган иш стажига эга фуқаронинг пенсия миқдори:
3 млн 888 минг сўм × 55 фоиз = 2 млн 138 минг сўмни ташкил этди.
Шу тариқа, мазкур мисолда фуқаронинг ойлик пенсияси аввалги миқдорга нисбатан 356 минг сўмга ошди.
Бундан ташқари, талаб этиладиган иш стажидан ортиқ ишланган ҳар бир тўлиқ йил учун пенсия миқдори ўртача ойлик иш ҳақининг яна 1 фоизига ошириб борилади.
Халқаро тажриба
Иқтисодий ривожланган Германия, Франция, Австрия, Испания, Бельгия, Швеция, Норвегия ва Швейцария каби давлатларда ҳам пенсия тайинлашда фуқаронинг барча даромади эмас, балки қонунчиликда белгиланган энг юқори чегарагача бўлган қисми инобатга олинади.
Халқаро амалиётда ушбу механизм «pensionable earnings ceiling», яъни пенсия ҳисоб-китобида инобатга олинадиган иш ҳақининг юқори чегараси деб юритилади.
Ҳар бир давлат мазкур чегарани ўзининг иқтисодий шароити, ўртача иш ҳақи даражаси ҳамда пенсия тизимининг молиявий имкониятларидан келиб чиқиб белгилайди.
Меҳнатга яраша муносиб ижтимоий таъминот
Пенсия ҳисоб-китобида инобатга олинадиган иш ҳақининг юқори чегараси оширилиши меҳнатга яраша ижтимоий таъминот тамойилини янада мустаҳкамлайди.
Шунингдек, ушбу ўзгариш фуқароларнинг юқори иш ҳақини расмий равишда акс эттиришдан манфаатдорлигини ошириш, уларнинг кўп йиллик меҳнатини муносиб баҳолаш ва ижтимоий ҳимоясини қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат сиёсатининг муҳим амалий натижасидир.
Маълумот учун: 2026 йил 1 июль ҳолатига пенсия ҳисоб-китобида инобатга олинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори миқдори 6 млн 48 минг сўмни ташкил этади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси







