“Капитал Банк” ипотека давлат дастурига қўшилди: иштирокчи банклар сони 17 тага етди
2026-07-24 12:55:00 / Вазирлик янгиликлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 24 февралдаги “Аҳолини уй-жой билан таъминлаш ишларини жадаллаштириш ва кўп квартирали уйлар қурилишини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–29-сон Фармонига мувофиқ, 2026 йил учун бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўйича Давлат дастури қабул қилинган.
Дастур доирасида жорий йилда жами 23 трлн сўм ипотека кредитлари ажратиш ҳамда аҳолини қўллаб-қувватлаш учун 2,7 трлн сўм субсидия маблағларини йўналтириш назарда тутилган.
2026 йилнинг 1 июль ҳолатига дастурнинг йиллик кўрсаткичлари 57 фоизга бажарилиб, 42 575 нафар фуқарога 13,1 трлн сўм ипотека кредитлари ажратилди. Шунингдек, ипотека кредитлари бўйича 814,3 млрд сўм субсидия тўлаб берилди, шундан 265,5 млрд сўм дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплашга йўналтирилди.
Давлат дастурини самарали амалга ошириш ҳамда ипотека бозорига қўшимча молиявий ресурсларни жалб қилиш мақсадида 2026 йил 15 июль куни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда “Капитал Банк” ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Меморандум доирасида ҳар йили тасдиқланадиган ипотека давлат дастурлари асосида Давлат бюджети маблағларини ипотека бозорига самарали йўналтириш, иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ белгилаш ҳамда узоқ муддатли институционал ҳамкорликни таъминлаш назарда тутилган.
Мазкур меморандум имзоланиши натижасида ипотека давлат дастурида иштирок этаётган тижорат банклари сони 16 тадан 17 тага етди.
Бу эса ипотека кредитларидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш, банклар ўртасида рақобатни кучайтириш ва аҳолининг уй-жой билан таъминланишини янада жадаллаштиришга хизмат қилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси
