Креатив иқтисодиётни ривожлантириш учун янги ҳуқуқий имкониятлар яратилди
2026-07-21 21:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Мазкур Қонун креатив индустриянинг изчил ривожланишини таъминлаш, соҳа вакиллари учун қулай шарт-шароит ва рағбатлантирувчи механизмларни кенгайтириш, ижодий салоҳиятни иқтисодий қийматга айлантириш ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.
Қонун билан Оʼзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси, “Давлат харидлари тоʼгʼрисида”ги Қонун, “Креатив иқтисодиёт тоʼгʼрисида”ги Қонунга тегишли оʼзгартириш ва қоʼшимчалар киритилди.
Хорижий контрагентлар учун солиқ имтиёзлари
Қонун билан Солиқ кодексининг 483-моддаси креатив индустрия соҳасидаги лойиҳаларга жалб этиладиган хорижий контрагентлар учун солиқ имтиёзларини назарда тутувчи янги норма билан тоʼлдирилди.
Унга коʼра, 2026-йил 1-январдан 2030-йил 1-январга қадар Оʼзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Маданият ва санʼатни ривожлантириш жамгʼармаси ҳамда Креатив индустрия парки резидентлари томонидан амалга ошириладиган лойиҳаларга жалб этилган хорижий контрагентлар солиқ имтиёзларидан фойдаланиши мумкин:
Мазкур хорижий контрагентлар қўшилган қиймат солиғини, тўлов манбаида олинадиган фойда солиғини, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан озод қилинади.
Бунда имтиёз хорижий контрагент креатив индустрия соҳаси билан бевосита боғлиқ ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш учун жалб этилган ҳолларда қўлланилади.
Ушбу енгиллик креатив лойиҳаларга зарур бўлган халқаро тажриба, илғор билим ва профессионал хизматларни жалб қилиш харажатларини мақбуллаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Янги креатив индустрия субъектлари учун резидентлик енгиллиги
«Креатив иқтисодиёт тўғрисида»ги Қонунга киритилган ўзгартириш янги ташкил этилган креатив индустрия субъектларининг Креатив индустрия парки резидентлигига киришини енгиллаштиради.
Амалдаги умумий талабга кўра, парк резиденти бўлиш учун субъектнинг креатив индустрия соҳасидаги фаолиятдан олган даромади жами йиллик даромадининг камида 80 фоизини ташкил этиши керак.
Янги ташкил этилган ёки давлат рўйхатидан янги ўтказилган креатив индустрия субъектини парк резидентлигига қабул қилиш жараёнида даромаднинг минимал миқдори бўйича ушбу талаб дастлаб инобатга олинмайди.
Бу янги корхоналар ҳали тўлиқ молия йилини якунламаганлиги ёки фаолиятининг дастлабки босқичида зарур даромад кўрсаткичини шакллантиришга улгурмаганлиги сабабли уларнинг парк резидентлигига киришига тўсқинлик қилмаслик имконини беради.
Бироқ мазкур енгиллик даромад бўйича талаб бутунлай бекор қилинганини англатмайди. Белгиланган шартлар молия йили якунлари бўйича баҳоланади.
Агар молия йили якунида талаблар бажарилмаса, субъект фойдаланган имтиёзлар суммаси солиқ қонунчилигига мувофиқ қайта ҳисобланади ва буджетга ундирилади.
Шу сабабли янги ташкил этилган субъектлар парк резидентлигига қабул қилинганидан кейин ўз даромадлари таркиби, ҳисоби ва креатив фаолият билан боғлиқ кўрсаткичларни мунтазам назорат қилиб бориши зарур.
Қонунда белгиланган янги нормалар креатив лойиҳаларга хорижий мутахассис ва хизмат кўрсатувчиларни жалб этиш имкониятларини кенгайтириш, халқаро маданий тадбирларни ташкил этиш жараёнларини тезлаштириш, янги креатив бизнесларнинг бозорга киришини енгиллаштириш, креатив маҳсулот ва хизматларнинг иқтисодий қийматини ошириш, халқаро маданий ҳамкорликни ривожлантириш, Ўзбекистоннинг халқаро маданий майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш учун қўшимча ҳуқуқий шароит яратади.
Қонунда назарда тутилган имтиёз ва енгилликлар креатив индустрия вакиллари учун янги имкониятларни очиш билан бирга, улардан мақсадли фойдаланиш, белгиланган талабларни бажариш ва шаффоф ҳисоб юритиш масъулиятини ҳам юклайди.
Умуман, мазкур Қонун креатив иқтисодиётни ривожлантириш, янги креатив бизнесларни қўллаб-қувватлаш ва халқаро маданий лойиҳаларни амалга ошириш учун янада қулай ҳуқуқий муҳитни шакллантиришга хизмат қилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси
