Қорақалпоғистонда таълим инфратузилмаси ва рақамли таълимни ривожлантириш бўйича учрашув бўлиб ўтди
2024-08-22 14:25:00 / Вазирлик янгиликлари

Учрашув давомида “Hancom Group” компанияси томонидан Ўзбекистон Республикаси мактаблари ва олий таълим муассасаларида «ақлли синфлар» (SMART CLASS)ташкил этиш, шунингдек, IT-технологиялар ва корейс тилини ўқитиш бўйича таълим марказини очиш бўйича амалга оширилаётган лойиҳа тафсилотлари муҳокама қилинди.
Маълумот учун: 1989 йилда ташкил этилган “Hancom Group” компанияси офис дастурларини ишлаб чиқиш ва тарқатиш билан шуғулланади. Унинг “Hancom Academy”шўба корхонаси сунъий интеллект ва дронлар билан ишлашни ўз ичига олган илғор технологияларни ўргатиш учун онлайн платформани бошқаради.
Лойиҳа доирасида “Hancom Group” компаниясининг инвестициялари ҳисобидан 2024 йил охиригача Ўзбекистон Республикасининг 43 та мактаби, 7 та олий таълим муассасаси ва 1 та техникумида 66 та «ақлли синф» ни, шу жумладан Тошкент шаҳрида 44 та, Андижон вилоятида 1 та, Қорақалпоғистон Республикасида 21 та синфни ташкил этиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, “Hancom Academy”ни жалб қилган ҳолда, Тахиатош педагогика коллежи негизида IT-технологиялар ва корейс тилини ўқитиш бўйича таълим марказини ташкил этиш режалаштирилган. Ушбу коллеж «Ҳанcом Аcадемй» бошқарувига ўтказилиб, замонавий компьютер техникаси ва техник ўқув қуроллари билан жиҳозланади.
“Hancom Group” компанияси билан ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон Республикасида босқичма-босқич 1250 та «ақлли синф» ташкил этиш режалаштирилган, уларда талабалар IT-технологиялари соҳасида таълим олишлари, шунингдек, корейс тилини ўрганишлари мумкин бўлади. Ушбу таълим дастурларини муваффақиятли якунлаш талабаларга Жанубий Кореядаги олий ўқув юртларида ўқишни давом эттириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва хорижда тегишли соҳаларда ишга жойлашиш имкониятини яратиши кутилмоқда.
Лойиҳа шунингдек, педагог ходимларнинг малакасини оширишни назарда тутади, бу эса республикада таълим сифатини оширишга ёрдам беради.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати




