Самарқанд шаҳрида фазовий-ҳудудий режалаштириш бўйича семинар ташкил этилди
2026-07-15 18:35:00 / Вазирлик янгиликлари

Ушбу семинар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан БМТ Тараққиёт дастури ва Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Семинарнинг асосий мақсади маҳаллий ҳокимлик ва ҳудудий ташкилотлар тегишли мутахассисларининг илғор хорижий тажриба ва янгича лойиҳалаш тамойилларини фазовий-ҳудудий стратегия ва режалар, жумладан мастер режаларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этишда қўллаш бўйича кўникмаларини оширишдан иборат.
Семинарда Франциянинг “Groupe Huit” ва Буюк Британиянинг “Buro Happold” компаниялари томонидан маҳаллий “Bloom Arch Studio” компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган Қамаши туманида янгича лойиҳалаш ёндашуви асосида 105 гектар майдонда аралаш функцияли (mixed use) турар жой комплексини (Янги Ўзбекистон массиви) барпо қилиш мастер режаси тақдимот қилинди.
Тақдимот давомида лойиҳа “ижтимоийлашув”, 15 дақиқалик шаҳар (маҳалла) тамойиллари, энергия самарадор материал ва технологияларларни қўллаш, “одам масштаби”даги аралаш функцияли (mixed use) бинолар, аҳоли пиёда хавсиз харакатланадиган аллея ва йўлаклар, парк ва яшил ҳудудларни ўз ичига олганлиги юқори баҳоланди.
Шунингдек, лойиҳалаш ва қурилишда энергия самарадорликни ошириш, режалаштиришда сунъий интеллект ва транспорт моделлаштиришнинг ўрни, Самарқанд, Бухоро, Навоий, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари бўйича фазовий-ҳудудий стратегия ва режаларни ишлаб чиқишдаги илғор ёндашувлар ва бошқа қатор мавзулар бўйича тақдимотлар ўтказилди.
Ушбу тақдимотлар хорижий ва маҳаллий мутахассис ва экспертлар, шунингдек, Испаниянинг “IDOM” ва Жанубий Кореянинг “DOHWA” компаниялари экспертлари томонидан олиб борилди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси









