ИНСОН ҚАДРИ УЛУҒЛАНГАН ЮРТ
2026-07-14 16:10:00 / Вазирлик янгиликлари

Қадриятларимиз – ўзлигимиз
ИНСОН ҚАДРИ УЛУҒЛАНГАН ЮРТ
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тизимида фахрийларни
қўллаб-қувватлаш янги босқичга кўтарилди
Янги Ўзбекистон тараққиётининг устувор йўналишларидан бири — инсон қадрини улуғлаш, айниқса, умрини Ватан ва халқ хизматига бағишлаган фахрийларни эʼзозлаш ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдир.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигида ҳам бу борада изчил ишлар амалга оширилмоқда. Вазирлик тизимида узоқ йиллар самарали меҳнат қилган фахрий устозлар нафақат ҳурмат-эҳтиромга сазовор инсонлар, балки бой ҳаётий ва касбий тажрибага эга улар ёш авлод учун ибрат мактаби бўлган фидойи мутахассислар сифатида қадрланмоқда.
Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги ижтимоий фаоллигини ошириш, турмуш сифатини яхшилаш ҳамда ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бугун давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилган бўлиб, ишлар аниқ давлат дастурлари асосида тизимли амалга оширилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 мартдаги ПҚ–92-сон қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сентябрдаги 816-сон қарори кекса авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш бўйича муҳим вазифаларни белгилаб берди.
Мазкур ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлик ҳузурида Фахрийлар кенгаши ташкил этилган. Кенгаш фаолияти вазирлик марказий аппарати, унинг тизим ташкилотлари ва ҳудудий бўлинмаларида йўлга қўйилиб, тасдиқланган йиллик «Йўл харитаси» асосида иш олиб борилмоқда.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар доирасида фахрийларнинг ижтимоий, ҳуқуқий, моддий ва тиббий қўллаб-қувватланиши таъминланмоқда. Бугунги кунда вазирлик ҳамда унинг тизим ташкилотларида кўп йиллар ишлаб нафақага чиққан фахрийлар 3425 нафарни, шундан аёллар 634 нафарини ва эркаклар 2791 нафарини ташкил этади. Шунингдек, соҳада узоқ йиллар фидокорона меҳнат қилган ва нафақа ёшига етган ходимларни нафақага кузатишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Жумладан, 2026-йилнинг 1-ярим йиллиги давомида 3 нафар ходим анъанага мувофиқ, гулдасталар ҳамда эсдалик совғалари топширилган ҳолда, байрам дастурхони атрофида тантанали равишда нафақага кузатилди. Мазкур ходимларнинг самарали меҳнати, тизим ва соҳа ривожига қўшган муносиб ҳиссаси, кўплаб ёшларга соҳада ўз ўрнини топишида яқин кўмакдош бўлаётгани раҳбарият томонидан алоҳида эътироф этилиб, миннатдорчилик билдирилди. Уларнинг бой ҳаётий ва касбий тажрибасидан ёш кадрлар тарбияси ҳамда тизим фаолиятини такомиллаштиришда самарали фойдаланиш ҳам йўлга қўйилди.
Бугунги тезкор глобаллашув ва ахборот технологиялари даврида ёш кадрларда давлат хизматига садоқат, ватанпарварлик, миллий қадриятларга ҳурмат ҳамда мамлакатимиз тарихи ва тараққиёт йўлини чуқур англаш туйғуларини шакллантириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу мақсадда, вазирлик Фахрийлар кенгаши Касаба уюшмаси билан ҳамкорликда «Уч авлод учрашуви» туркумидаги маънавий-маърифий тадбирларни мунтазам ташкил этиб келмоқда. Бу авлодлар ўртасида тажриба алмашинувини таъминлаш, касбий анъаналарни давом эттириш ва ёш мутахассисларнинг маънавий ҳамда касбий камолотини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Амалга оширилаётган мазкур ишлар натижасида ёш ходимларда давлат молияси тизими тарихи ва ислоҳотларига нисбатан чуқур англаш шаклланмоқда, «Устоз–шогирд» анъанаси асосида янги ишга қабул қилинган ходимларга тажрибали фахрийлар бириктирилиб, уларнинг касбий мослашуви ҳамда давлат хизматига садоқат, масъулият ва ҳалоллик тамойиллари мустаҳкамланмоқда.
Фахрийларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш вазирлик ижтимоий сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда, ёлғиз яшовчи ва ижтимоий кўмакка муҳтож пенционерлар доимий эътибор марказида бўлиб, уларга зарур амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Шунингдек, вазирлик жамоаси ва фахрийлари иштирокида спорт фестивали ҳамда маънавий учрашув ўтказилди. «Бунёдкор» футбол академияси майдонида вазирлик марказий аппарати ходимлари ўртасида «Спорт – соғлиқ гарови» шиори остида спорт фестивали ташкил этилди. Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва жамоавий руҳни мустаҳкамлашга қаратилган ушбу тадбирда ходимлар футбол, стол тенниси, югуриш эстафетаси, арқон тортиш ва ўқ отиш бўйича ўз маҳоратларини намойиш этди. Тадбирга вазирлик тизимида кўп йиллар давомида фаолият юритган бой тажрибага эга фахрий устозлар ҳам таклиф этилди. Фахрийлар ёшлар билан ўз тажрибаларини ўртоқлашдилар. Бу тадбирлар кекса авлод вакилларининг ижтимоий фаоллигини ошириш, руҳий тетиклигини сақлашга хизмат қилмоқда.
Вазирлик тизимида ҳар бир фахрийга алоҳида эътибор қаратиш яхши анъанага айланган. Улар туғилган кунлари, юбилейлари ҳамда умумхалқ байрамлари муносабати билан вазирлик раҳбарияти, Фахрийлар кенгаши ва ёш ходимлар томонидан йўқланмоқда. Ташрифлар давомида устозларга самимий эҳтиром ва миннатдорлик изҳор қилиниб, эсдалик совғалари, зарур маиший техника воситалари ҳамда моддий рағбатлантириш маблағлари топширилмоқда. Бу каби эътибор ва ғамхўрлик фахрийларнинг жамиятдаги муносиб ўрнини мустаҳкамлаш, уларнинг ҳаётий тажрибасини қадрлаш ва келажак авлод учун ибрат мактабини янада бойитишга хизмат қилади.
Тахир ИМАМОВ,
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ходими,
Фахрийлар кенгаши раиси.





