Франция компаниялари билан ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди
2026-07-09 21:25:00 / Вазирлик янгиликлари

Учрашувда Франциянинг қатор етакчи компаниялари, жумладан, Orano, IKA Technology, Blue Water Intelligence (BWI), Groupe SNEF, Vinci Construction Grands Projets компаниялари вакиллари ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг масъул ходимлари иштирок этди.
Учрашувда Франция компаниялари билан амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, амалга оширилаётган лойиҳалар самарадорлигини ошириш, янги инвестициявий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, устувор соҳаларда қўшма лойиҳаларни илгари суриш, шунингдек, ҳамкорликда инновацион ечимларни жорий этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, энергетика, тоғ-кон, сув ресурсларини бошқариш соҳаларида янги лойиҳаларни шакллантириш, жумладан, соҳаларга замонавий сунъий интеллект технологияларини жалб қилиш йўналишларида ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик сўнгги йилларда изчил ривожланиб, икки мамлакат раҳбарлари даражасидаги мунтазам мулоқот савдо-иқтисодий, инвестициявий ва технологик шерикликни янада кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратаётгани алоҳида таъкидланди.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, устувор йўналишларда янги қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда юқоридаги масалалар юзасидан мунтазам мулоқотни давом эттиришга келишиб олди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси




