«Ёшлар ойлиги» доирасида қатор маънавий-маърифий ва спорт тадбирлари ташкил этилди
2026-07-06 10:40:00 / Вазирлик янгиликлари

Ёшлар ойлиги дастури доирасида ёшларнинг фикр ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Ёшларни эшитамиз» мавзусида очиқ мулоқотлар ўтказилди. Учрашувларда ёш ходимларнинг таклиф ва мулоҳазалари тингланиб, уларни қизиқтираётган масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Мутолаа маданиятини ривожлантириш мақсадида «Китоб алмашиш» акцияси ташкил этилиб, ёшлар ўзлари мутолаа қилган китобларни янги асарларга алмаштириш имкониятига эга бўлдилар. Шунингдек, Ислом цивилизацияси марказига маърифий ташриф уюштирилиб, иштирокчиларнинг тарихий меросимиз ва миллий қадриятларимиз ҳақидаги билимлари янада бойитилди.
30 июнь – «Ёшлар куни» муносабати билан «Янги Ўзбекистонни ёшлар қуради» шиори остида ўтказилган «Уч авлод учрашуви» Ёшлар ойлигининг энг муҳим тадбирларидан бири бўлди. Ўзбекистон Фанлар академияси президенти, «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони олий даражадаги мукофоти совриндори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, академик, физика-математика фанлари доктори, профессор Шавкат Абдуллаевич Аюпов ўз маърузасида математика ва иқтисодиётнинг ўзаро узвий боғлиқлиги, рақамли трансформация жараёнларида аниқ фанларнинг тутган ўрни ҳамда ёш мутахассисларнинг замонавий билим ва кўникмаларни эгаллашининг долзарблиги ҳақида сўз юритди.
Шунингдек, у ўзининг кўп йиллик илмий ва касбий фаолияти давомида орттирган бой тажрибаси билан ўртоқлашиб, математика ва иқтисодиёт соҳасидаги фаолияти билан боғлиқ ҳаётий мисоллар ҳамда қизиқарли воқеаларни сўзлаб берди. Профессор ёшларга илм-фанга интилиш, тинимсиз изланиш, танлаган касбига садоқат билан ёндашиш ва замонавий билимларни мунтазам эгаллаб бориш юзасидан ўз тавсияларини берди.
Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида бадминтон, шахмат ва стол тенниси бўйича спорт мусобақалари ҳам ташкил этилди. Муросасиз ва қизиқарли баҳсларга бой ўтган мусобақалар жамоавийлик, соғлом рақобат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлади.
Ёшлар ойлиги якунида фаол ва ташаббускор ёш ходимлар ташаккурномалар билан тақдирланди, спорт мусобақаларида ғолиб ва совриндор бўлган иштирокчиларга эсдалик совғалари топширилди.
Мазкур тадбирлар ёшларнинг маънавий-интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, илм-фан ва инновацияга қизиқишини ошириш, миллий қадриятларга ҳурмат, Ватанга садоқат ва ташаббускорлик фазилатларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.









