Соғлиқни сақлаш муассасаларида коррупциявий хавфларни бошқариш ва комплаенс назоратини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди
2026-07-04 17:05:00 / Вазирлик янгиликлари

Семинарда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Комплаенс хизмати бошқармаси ҳамда Ички аудит департаменти масъул ходимлари иштирок этиб, соғлиқни сақлаш соҳасида коррупциявий хавфларни аниқлаш, баҳолаш ва бошқаришнинг замонавий ёндашувлари, комплаенс назорати тизимини самарали ташкил этиш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ҳамда коррупцияга қарши ички назорат механизмларини кучайтириш масалалари юзасидан тақдимотлар ўтказдилар.
Шунингдек, давлат молиявий назорати тадбирлари давомида соғлиқни сақлаш муассасаларида аниқланган молиявий қонунбузилишлар таҳлил қилиниб, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш, бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботларни юритишда йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш, шунингдек, “УЗАСБО” ахборот тизимидан фойдаланиш жараёнида учраётган хато ва камчиликларни олдини олиш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Семинар давомида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик талабларини амалиётга самарали татбиқ этиш, ташкилотларда коррупциявий хавфларни мунтазам баҳолаб бориш ҳамда уларни камайтиришга қаратилган таъсирчан чораларни амалга оширишнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Тадбир интерактив мулоқот шаклида ташкил этилиб, иштирокчилар томонидан билдирилган саволларга атрофлича жавоблар берилди, амалий мисоллар асосида фикр алмашилди ҳамда соҳада учраётган долзарб муаммолар ечими юзасидан таклиф ва тавсиялар муҳокама қилинди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси






