Корея Республикасининг Эксимбанки EDCF жамғармаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
2024-08-02 16:40:00 / Вазирлик янгиликлари

Учрашувда EDCF жамғармасининг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Ан Ду Жин, Евроосиё ва Марказий Осиё бўйича департаменти директорининг ўринбосари Нам Хиёни ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг масъул вакиллари иштирок этдилар.
Мулоқот давомида томонлар соғлиқни сақлаш ва таълим йўналишларида ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар, хусусан, тиббиёт олий таълим масканларини барпо этиш, умумтаълим мактабларини лаборатория тўпламлари билан жиҳозлаш, халқ таълимида ахборот-коммуникацион технологиялар соҳасини ривожлантириш ва фармацевтика соҳасида илмий-инновацияни рағбатлантириш юзасидан ишлаб чиқилган лойиҳалар ва уларнинг бугунги кундаги ҳолатини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, суҳбатда томонлар ўзаро ҳамкорлик истиқболлари, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш бўйича лойиҳаларни ривожлантириш, ишлаб чиқилаётган лойиҳаларга илғор тажрибаларни татбиқ қилиш юзасидан фикр алмашдилар.
Музокаралар якунида томонлар юқорида қайд этилган масалалар юзасидан ишларни жадаллик билан ташкил этиш ҳамда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш юзасидан келишиб олдилар.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати



