“Мақсадли ипотека омонати” механизми жорий этилди
2026-06-30 10:15:00 / Вазирлик янгиликлари

Янги механизмга мувофиқ:
ипотека кредити бўйича субсидия ажратиш тўғрисида ижобий хабарномага эга фуқаролар ихтиёрий равишда хабарноманинг амал қилиш даврида тижорат банкининг жамғарма ҳисобварағида Ипотека дастури доирасида қайта молиялаштириладиган ипотека кредитининг энг кўп миқдоридан келиб чиқиб ҳисобланадиган дастлабки бадал суммасининг ўзига тегишли қисмидан кам бўлмаган миқдорда, сақлаш муддати 12 ойдан ортиқ бўлмаган ипотека омонатини тўлиқ шакллантиради;
ипотека омонатини шакллантирган фуқароларга ипотека кредити бўйича дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш мақсадида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ажратиладиган субсидиялар тижорат банкларининг буюртманомасига асосан ипотека омонати энг кам миқдорининг бир қисмини шакллантириш учун олдиндан ўтказиб берилади;
ипотека омонатидаги маблағлар қолдиғига нисбатан тижорат банки томонидан бозор ставкасида фоиз ҳисобланади ва омонат даврида жамғарилган барча маблағлар фоиз тўловлари билан биргаликда ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадални шакллантириш учун мақсадли йўналтирилади.
Мазкур амалиёт илғор хорижий тажрибалар асосида аҳолининг вақтинча бўш турган пул маблағлари ҳисобидан уй-жой сотиб олишини рағбатлантириш, аҳолининг уй-жой сотиб олиш имкониятларини кенгайтириш, дастлабки бадални тўлашда қўшимча молиявий имкониятлар яратиш ҳамда давлат томонидан тақдим этилаётган уй-жой субсидияларининг самарадорлигини оширишга қаратилган.
Шунингдек, амалдаги тартибга мувофиқ, ипотека кредити бўйича фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш мақсадида давлат томонидан субсидия ажратиш механизми сақлаб қолинади. Бунда ипотека кредитининг дастлабки беш йили давомида фоиз тўловларининг Марказий банк асосий ставкасида белгиланган даражадан юқори қисми давлат томонидан қоплаб берилади.
Мазкур механизм фуқароларга уй-жой сотиб олиш учун зарур маблағларни олдиндан режалаштириш орқали жамғариш имконини беради.
Ушбу амалиёт 2026 йил 1 июлдан 31 декабргача бўлган даврда тажриба-синов тартибида амалга оширилиши режалаштирилган.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси
