Стартап-экотизимини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
2026-06-26 16:45:00 / Вазирлик янгиликлари

Мазкур тадбир мамлакатда инновацион тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, стартаплар учун замонавий ва самарали ҳуқуқий муҳитни шакллантириш ҳамда соҳанинг барча иштирокчиларини қонунчиликни такомиллаштириш жараёнига жалб этиш мақсадида ташкил этилди. Унда ёшлар, стартап асосчилари, акселератор ва инкубаторлар, венчур жамғармалар, инвесторлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ёшлар парламенти, масъул вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда экспертлар иштирок этди.
Тадбир давомида иштирокчиларга “Стартаплар тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг дастлабки таҳрири тақдим этилди. Қонун лойиҳасида стартапларнинг ҳуқуқий мақоми, уларни қўллаб-қувватлаш механизмлари, стартап инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда экотизим иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилашга оид нормалар акс эттирилгани таъкидланди.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 11 февралдаги ПҚ–59-сон “Стартапларни қўллаб-қувватлашнинг комплекс экотизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ стартаплар соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, соҳа иштирокчилари билан кенг муҳокамалар ўтказиш ҳамда қонун лойиҳаси бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси белгиланган.
Очиқ мулоқот давомида стартап асосчилари ва венчур инвесторлар томонидан амалиётда учраётган муаммолар, жумладан, молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш, инвестицияларни жалб қилиш, стартапларнинг тез ўсиши учун зарур бўлган ҳуқуқий ва институтсионал шарт-шароитларни яратиш бўйича фикр ва таклифлар билдирилди.
Шунингдек, қонун лойиҳасининг айрим нормалари юзасидан конструктив муҳокамалар ўтказилиб, уни янада такомиллаштириш бўйича қатор таклифлар илгари сурилди.
Тадбир давлат органлари, хусусий сектор ва стартап ҳамжамияти ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, инновацияларни рағбатлантириш ҳамда Ўзбекистонда халқаро талабларга жавоб берадиган рақобатбардош стартап-экотизимини шакллантириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Мулоқот якунлари бўйича билдирилган таклиф ва мулоҳазалар кўриб чиқилиб, қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш жараёнида инобатга олиниши қайд этилди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси



