“Moody’s” халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон суверен кредит рейтингини “Ba3”дан бир поғона юқорига “Ba2”га оширди
2026-06-25 19:45:00 / Вазирлик янгиликлари

Сўнгги 1 йилда Ўзбекистон суверен кредит рейтинги 6 марта яхшиланиши натижасида янги қарз жалб қилиш харажатлари ўртача 1,5 фоизга пасайди.
Шунингдек, республика кредит рейтинги ошиши натижасида 20 дан ортиқ банк ва корхоналар рейтинги яхшиланиб, уларнинг қарз жалб қилиш харажатлари ўртача 1,9 фоизга пасайди.
Хусусан, жорий йилнинг 3 июнь куни “Fitch” суверен кредит рейтинг кутилмасини “ВВ” барқарордан “ВВ” ижобийга оширгандан сўнг 8–17 июнь кунлари 14 та банк ва корхоналарнинг рейтинг кутилмалари ўзгартирилди.
Ҳисоботда республика рейтинги оширилиши Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида мамлакатимизда институтсионал салоҳият ва иқтисодий сиёсат изчил яхшиланаётгани ҳамда иқтисодий ва фискал истиқболлари мустаҳкамланаётгани билан изоҳланган. Бунда, олиб борилаётган сиёсатнинг самарадорлиги ҳамда иқтисодиётнинг ташқи шокларга чидамлилиги ошгани қайд этилган.
Хусусан, барқарор ва диверсификациялашган иқтисодий ўсиш, бюджет интизомининг кучайгани ҳамда давлатнинг шартли мажбуриятларни бошқариш механизмларининг такомиллашганига эътибор қаратилган.
Таркибий ислоҳотларнинг давом этиши, жумладан, бошқарувни яхшилаш, рақобатни кучайтириш ва иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш бўйича чоралар юқори баҳоланган.
Бунда, “UzNIF” акцияларининг муваффақиятли жойлаштирилиши Ўзбекистоннинг баҳосини мустаҳкамловчи омил сифатида эътироф этилган ва инвесторларнинг Ўзбекистондаги ислоҳотларга ишончи ортиб бораётганидан далолат бериши қайд этилган.
Ҳисоботда энергетика ва газ соҳаларининг либераллаштирилиши, ЖСТга аъзо бўлиш, бошқарув ва коррупцияга қарши курашиш тизимларини кучайтириш, монетар ва макропруденциал сиёсатни яхшилашга қаратилган ислоҳотлар санаб ўтилган.
Шу билан бирга, ислоҳотлар янада мураккаб босқичга ўтгани ва тобора юқори иқтисодий ва фискал натижаларга эришилаётган шароитда Ўзбекистоннинг бошқарув кўрсаткичлари ижобий ўзгариши юзасидан кутилмалар қайд этилган.
“Moody’s” 2025 йилда бюджет тақчиллиги 2 фоизгача қисқаргани, энергетика субсидиялари камайгани, электр энергияси ва газ нархларининг таннархни тўлиқ қоплашга қаратилган тариф сиёсати ҳамда ижтимоий ёрдамнинг янада манзилли бўлганига алоҳида эътибор қаратган.
Агентлик томонидан макроиқтисодий барқарорликни таъминлашнинг асосий омили сифатида 2026–2028 йилларда бюджет тақчиллиги 3 фоиздан ошмаслиги ва давлат қарзи барқарор даражада бўлиши кутилмоқда.
Ҳисоботда таркибий ислоҳотлар ва иқтисодий диверсификация туфайли иқтисодий ўсиш ташқи шокларга қарамай 2025 йилда 7,7 фоиз, 2026 йилнинг биринчи чорагида 8,7 фоизгача тезлашгани эътироф этилган.
Шунингдек, халқаро захиралар 17 ойдан ортиқ импорт ҳажмини қоплаш имкониятини берувчи ҳимоя буфери сифатида хизмат қилиши таъкидланган.
Давлат корхоналари ва банкларини трансформация қилиш, халқаро инвесторлар учун ошкоралик ва бошқарувни кучайтириш зарурати туфайли хусусийлаштириш жараёнлари босқичма-босқич амалга оширилиши билдирилган.
“Moody’s”га кўра, Ўзбекистон суверен кредит рейтинг баҳоси қуйидаги ҳолларда оширилади:
- бошқарув ва институционал ислоҳотларнинг амалга оширилиши туфайли рақобат, тартибга солиш сифати ва ҳукумат самарадорлиги сезиларли яхшиланиши ва юқори рейтингга эга бўлган давлатлар билан орадаги фарқнинг қисқариши;
- давлат корхоналари ва банкларини ислоҳ қилиш натижасида фискал хатарларнинг сезиларли камайиши, шартли мажбуриятларни бошқариш ва монетар сиёсатнинг давомий яхшиланиши;
- унумдорликнинг ошиши ва хусусий инвестициялар ҳисобига иқтисодий ўсиш имкониятларининг кенгайиши.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси
