Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар (Public Interest Entitiyes — PIE) ҳуқуқий мақоми ҳамда уларнинг мезонлари ва реестри эълон қилинди
2026-06-25 15:25:00 / Вазирлик янгиликлари

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг таклифига асосан молиявий ҳисоб тизимига халқаро талаб ва стандартларни жорий этишга қаратилган ислоҳотларни давом эттиришнинг навбатдаги босқичи сифатида жамият ва иқтисодиёт учун муҳим аҳамиятга эга бўлган тадбиркорлик субъектларига нисбатан уларнинг молиявий ҳисоботлари, аудити ва бошқарувига алоҳида талаблар белгиланадиган Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар (Public interest entities — PIE) ҳуқуқий мақоми жорий қилинди.
Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар тоифасига киритиш мезонлари, уларнинг молиявий ҳисоботлари ва аудитига қўйиладиган талаблар ҳамда Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан (рўйхат рақами 3736, 27.12.2025 й.) Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар тоифасига кириш мезонлари талабларига жавоб берадиган ташкилотлар (компаниялар) Реестри махсус ваколатли орган – Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан Марказий банк билан биргаликда шакллантирилди.
Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар Реестрига кирган ташкилотлар умумий сони жорий йилнинг июнь ойида жами 425 тани ташкил этиб, мезонлар бўйича қуйидагиларни ташкил этади:
листингга киритилган ва оммавий савдоларга чиқариладиган (Publicly Traded Entity) ташкилотлар – 96 та;
тижорат банклари, микромолия банклари, микромолия ташкилотлари, факторинг ташкилотлари, ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари ва кафолатлар бериш ташкилотлари, тўлов тизими операторлари, тўлов ташкилотлари – 226 та;
инвестиция фондлари ва биржалар – 14 та;
устав фондида (устав капиталида) давлат улуши эллик фоиз ва ундан ортиқ бўлган ҳамда активлари ва соф тушумига қўйилган талабларга тўғри келадиган давлат иштирокидаги корхоналар – 44 та;
кетма-кет охирги 2 календар йил давомида активлари ва соф тушуми базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 млн баравари ва ундан ортиқ бўлган ҳамда ходимлари сони 500 нафардан кам бўлмаган ташкилотлар – 132 та.
Реестр Ҳукумат портали ягона платформасида эълон қилинди (https://gov.uz/oz/imv/sections/view/121389).
Жорий йилда Реестрга киритилган Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлари 2027 йил 1 январдан бошлаб Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандарти (МҲХС) асосида бухгалтерия ҳисоби юритилишини ташкил этади ҳамда 2028 йил якунига кўра молиявий ҳисоботларни МҲХСга мувофиқ тузиш ва уларни аудиторлик хулосалари билан бирга эълон қилишни амалга оширади, қонунчилик ҳужжатларида МҲХСга ўтишнинг эртароқ муддатлари назарда тутилган юридик шахслар бундан мустасно.
Жамоат аҳамиятига эга ташкилотларнинг ҳуқуқий мақоми ҳамда ушбу тоифага кириш мезонлари ва ташкилотлар реестрининг шакллантирилиши Ўзбекистонда молиявий ҳисобот ва аудит тизимининг шаффофлиги ҳамда сифатини оширишга хизмат қилади. Бу жамоатчилик ва инвесторлар манфаатларига таъсир кўрсатувчи ташкилотлар фаолияти устидан самарали мониторингни таъминлайди, корпоратив бошқарувни такомиллаштиради, молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини қўллашни кенгайтиради ва мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси
