SUEZ компаниясининг Марказий Осиё, Кавказ ва Туркия бўйича бош ижрочи директори билан учрашув бўлиб ўтди
2026-06-19 20:40:00 / Вазирлик янгиликлари

Жорий йилнинг 19 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров SUEZ компаниясининг Марказий Осиё, Кавказ ва Туркия бўйича бош ижрочи директори Силвер Делоне бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва SUEZ компанияси ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, сув таъминоти ва оқова сув инфратузилмасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда истиқболдаги устувор йўналишлар муҳокама қилинди.
Учрашувда лойиҳаларни самарали мувофиқлаштириш, қарор қабул қилиш жараёнларини жадаллаштириш ва тегишли ташкилотлар ўртасида тизимли ҳамкорликни таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, “Ўзсувтаъминот” АЖ ва СУЭЗ компанияси вакиллари ўртасида доимий мулоқотни йўлга қўйиш ҳамда мавжуд лойиҳалар бўйича амалий ишларни изчил давом эттириш зарурлиги таъкидланди.
Томонлар сув таъминоти ва оқова сув тизимларини модернизация қилиш, давлат-хусусий шериклик механизмларини ривожлантириш, халқаро тажриба ва замонавий технологияларни жорий этиш орқали коммунал хизматлар сифатини ошириш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирди.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва SUEZ компанияси ўртасидаги амалий ҳамкорликни давом эттириш, жорий лойиҳалар ижросини жадаллаштириш ҳамда сув инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган янги ташаббусларни биргаликда ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси


