Жаҳон банки экспертлари билан келажакка тайёргарлик, янги иқтисодиёт ва сунъий интеллект масалалари муҳокама қилинди
2026-06-19 20:20:00 / Вазирлик янгиликлари

Учрашувда Жаҳон банки экспертлари — Stela Mocan, Luda Bujoreanu, Randeep Sudan ва Мариа Исабел Алвес Да Силва Neto, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Абидхаджаев иштирок этди. Мулоқот давомида иқтисодиётни трансформация қилишнинг замонавий ёндашувлари, сунъий интеллект технологияларини давлат бошқаруви ва хусусий сектор фаолиятига кенг жорий этиш, рақамли хизматлар сифатини ошириш ҳамда маълумотларга асосланган қарорлар қабул қилиш механизмларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, таълим, молия, соғлиқни сақлаш ва давлат хизматлари каби соҳаларда сунъий интеллектдан самарали фойдаланиш имкониятлари, унинг иқтисодий ўсиш суръатларини жадаллаштиришдаги ўрни ҳамда инновацион экотизимни ривожлантиришдаги аҳамияти юзасидан фикр алмашилди. Халқаро экспертлар томонидан рақамли трансформацияни жадаллаштириш, институтсионал салоҳиятни мустаҳкамлаш ва келажакдаги технологик ўзгаришларга тайёргарликни ошириш бўйича илғор тажрибалар тақдим этилди.
Томонлар сунъий интеллектдан давлат хизматлари кўрсатиш самарадорлигини ошириш, фуқаролар ва тадбиркорлар учун хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, бошқарув жараёнларини оптималлаштириш ҳамда хусусий секторда инновацияларни рағбатлантириш орқали янги иқтисодий имкониятларни яратиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Учрашув якунида сунъий интеллект технологияларини давлат бошқаруви ва хусусий секторга босқичма-босқич жорий этиш, рақамли хизматлар самарадорлигини ошириш, маълумотларга асосланган бошқарув тизимларини ривожлантириш ҳамда янги иқтисодиёт йўналишларида халқаро тажриба алмашинувини кенгайтириш бўйича ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди. Томонлар мазкур йўналишларда ўзаро ҳамкорликни давом эттириш ва истиқболли ташаббусларни биргаликда амалга ошириш муҳимлигини таъкидладилар.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси
