Буюк Британиянинг Инвестициялар бўйича давлат вазири Лорд Жейсон Стоквуд билан учрашув бўлиб ўтди
2026-06-18 20:55:00 / Вазирлик янгиликлари

Учрашувда капитал бозорларини ривожлантириш ва Лондон фонд биржаси билан ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистоннинг халқаро капитал бозорларидаги иштироки, суверен ва корпоратив қимматли қоғозларни жойлаштириш, шунингдек, давлат иштирокидаги корхоналарни хусусийлаштириш ва IPO жараёнларини давом эттириш бўйича фикр алмашилди.
Шунингдек, мулоқот давомида шаҳарсозлик, ҳудудий ривожланиш ва мастер-режаларни ишлаб чиқиш соҳасидаги ҳамкорлик ҳам муҳокама қилинди. Буюк Британия компаниялари билан амалга оширилаётган лойиҳалар Ўзбекистонда замонавий шаҳарсозлик ёндашувлари, барқарор инфратузилма ва аҳолига қулай яшаш муҳитини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
Томонлар UKEF билан ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига ҳам эътибор қаратдилар. Агентликнинг молиялаштириш механизмларини чуқурроқ ўрганиш, қўшма лойиҳаларни тайёрлаш жараёнини жадаллаштириш ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар ўртасида амалий мулоқотни кучайтириш бўйича таклифлар билдирилди.
Мулоқот давомида “Standart Chartered Bank” билан ҳамкорлик масалалари ҳам кўриб чиқилди. Халқаро капитал бозорларига чиқиш, суверен облигациялар жойлаштириш, капитал бозори тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш ҳамда хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлик билдирилди.
Якунда томонлар Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги инвестициявий, молиявий ва инфратузилмавий ҳамкорликни янада кенгайтириш, мавжуд ташаббусларни жадаллаштириш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича амалий мулоқотни давом эттиришга келишиб олди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси




