«JP Morgan» банки вакиллари билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
2026-06-18 20:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Учрашувда «JP Morgan» банкининг бошқарувчи директори ва МДҲ мамлакатлари бўйича катта мамлакат раҳбари ҳамда инвестиция банкинги йўналиши раҳбари Тимур Кунанбаев, Иқтисодиёт ва молия вазирининг маслаҳатчиси Жасур Каршибаев ва бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
Мулоқот давомида томонлар мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, хусусийлаштириш ва трансформация жараёнлари, капитал бозорини ривожлантириш ҳамда халқаро молия бозорлари билан ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашди.
Хусусан, учрашувда амалий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, халқаро молия институтлари ва инвесторлар билан самарали мулоқотни кучайтириш, шунингдек, илғор халқаро тажрибадан фойдаланиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Мулоқотда давлат иштирокидаги банклар ва корхоналарни трансформация қилиш, уларни бозор тамойиллари асосида самарали, шаффоф ва рақобатбардош субъектларга айлантириш ҳамда стратегик инвесторларни жалб қилиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Шунингдек, муҳокамалар давомида томонлар капитал бозорини ривожлантириш, унинг ликвидлиги ва жозибадорлигини ошириш, замонавий молиявий инструментларни кенгайтириш ҳамда Ўзбекистоннинг суверен рейтингларини янада яхшилаш ҳамда халқаро инвесторлар ишончини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил давом эттириш ҳамда юқоридаги масалалар юзасидан фикрлар алмашинуви жараёнларини кенгайтиришга келишиб олди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси




