Китоб – маърифат манбаи
2026-06-17 19:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Ўқимаган киши учун ҳеч бир китоб ёзилмаган,
Тингламаган киши учун ҳеч бир ҳикмат айтилмаган.
Шамс Табризий
Инсон маънавий тафаккурини чархлаб, қалбини эзгулик сари етаклаб келган энг яқин ҳамроҳ китоб ҳисобланади. Шу боис ҳам маърифат аҳли одамларни мутолаага, илм-маърифат эгаллашга, одоб-ахлоқ ва тафаккур сирларини ўрганишга даъват этиб келади. Зеро, китоб инсоннинг дунёқарашини кенгайтиради, фикрлаш салоҳиятини оширади ҳамда маънавий оламини бойитади.
Бугунги кунда юртимизда китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган эътибор тобора кучайиб бормоқда. Китоб дўконлари, кутубхоналар ва турли маърифий тадбирларда турли ёшдаги китобсеварларнинг фаол иштироки кузатилаётгани халқимизнинг мутолаага бўлган қизиқиши ортиб бораётганидан далолат беради. Бу эса жамият маънавиятини юксалтириш, ёш авлодни билимли ва тафаккури кенг инсонлар этиб тарбиялашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 15 январдаги “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–9-сонли Қарорида ҳам мазкур масалага алоҳида эътибор қаратилган. Қарорга мувофиқ, барча давлат идораларида “Китоб бурчаклари”ни ташкил этиш вазифаси белгиланган бўлиб, уларда соҳага оид илмий, маънавий-маърифий ҳамда бадиий адабиётларни жамлаш кўзда тутилган.
Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Иқтисодиёт ва молия вазирлигида “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи билан ҳамкорликда китоб ярмаркаси ташкил этилди. Унда иқтисодиёт ва молия йўналишидаги адабиётлар, ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналари, болалар китоблари ҳамда маънавий-маърифий асарлар кенг намойиш қилинди. Тадбир давомида ходимлар ўзлари учун қизиқарли ва фойдали бўлган китобларни харид қилиб, мутолаа маданиятини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшдилар.
Бу каби маънавий-маърифий тадбирлар корхона ва ташкилотларда ижтимоий-маънавий муҳитни юксалтириш, мутолаа маданиятини оширишга ва ходимларнинг бўш вақтини самарали ташкил этишга хизмат қилади.
Маънавият ва маърифат кенгаши





