Хусусийлаштириш ва капитал бозорини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
2026-06-15 22:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Учрашувда STJ Advisors компанияси ҳаммуассиси ва Директорлар кенгаши раиси ўринбосари Девид Женнисон, ScholzvonGleich компанияси бошқарувчи ҳамкори Стефан Шолс, Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Хуршед Мустафаев ҳамда бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
Маълумот учун: STJ Advisors халқаро капитал бозорлари, IPO ва стратегик молиявий маслаҳат йўналишларида фаолият юритувчи мустақил маслаҳат компанияси ҳисобланади. Компания корпоратив мижозлар ва инвесторларга капитал бозорларига чиқиш, жойлаштириш жараёнлари ва инвестицион позициялаш бўйича маслаҳат хизматларини кўрсатади.
ScholzvonGleich — Марказий Осиё бозорларига ихтисослашган мустақил инвестиция банки бўлиб, бизнес, акциядорлар, ҳукуматлар ва инвесторлар учун молиявий маслаҳат хизматларини тақдим этади. Компания стратегик молиялаштириш, капитал жалб қилиш ва инвестицион битимлар бўйича маслаҳат йўналишларида фаолият юритади.
Мулоқот давомида томонлар мамлакатимизда хусусийлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш, давлат иштирокидаги корхоналарни трансформация қилиш, уларни бозор тамойиллари асосида самарали бошқариш ҳамда капитал бозорига босқичма-босқич олиб чиқиш масалалари юзасидан муҳокамалар олиб борди.
Шунингдек, учрашувда Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси — UzNIF доирасида амалга оширилаётган ишлар таҳлили ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан фикр алмашилди.
Хусусан, халқаро инвесторлар билан мулоқотни кенгайтириш, давлат активларини хусусий капитал иштирокида ривожлантириш ва илғор корпоратив бошқарув амалиётларини жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, давлат активларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда хусусийлаштириш жараёнларининг очиқлигини ошириш бўйича кўрилаётган чоралар халқаро инвесторлар қизиқишини сезиларли даражада кучайтирмоқда.
Мамлакатда шаклланган барқарор макроиқтисодий муҳит, изчил иқтисодий ўсиш тенденциялари, инвесторлар учун яратилаётган қулай шароитлар ва капитал бозорини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар Ўзбекистонни халқаро молиявий институтлар ва йирик капитал бозори иштирокчилари учун истиқболли ҳамкор сифатида намоён этмоқда.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ҳамда юқоридаги йўналишларда фикрлар алмашинуви жараёнларини кенгайтиришга келишиб олди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси
