Тошкент шаҳрида Халқаро тараққиёт ассоциациясининг глобал учрашуви ўтказилади
2026-06-15 20:10:00 / Вазирлик янгиликлари

Шу муносабат билан жорий йилнинг 15 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда Жаҳон банкининг тараққиётни молиялаштириш масалалари бўйича вице-президенти Акихико Нишио ҳамраислигида «Халқаро тараққиёт ассоциациясининг глобал камбағалликни қисқартиришдаги роли ва унинг Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорлиги» мавзусида юқори даражадаги давра суҳбати ҳамда оммавий ахборот воситалари учун брифинг бўлиб ўтди.
Тадбир давомида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Жаҳон банки вакиллари жорий йил декабрь ойида Тошкент шаҳрида Халқаро тараққиёт ассоциациясининг глобал учрашуви ўтказилишини эълон қилди. Ўзбекистон Марказий Осиёда ушбу юқори даражадаги тадбирга мезбонлик қиладиган илк мамлакат бўлади.
1960 йилда ташкил этилган Халқаро тараққиёт ассоциацияси Жаҳон банкининг даромад даражаси юқори бўлмаган мамлакатлар учун мўлжалланган жамғармаси ҳисобланади. Халқаро тараққиёт ассоциацияси таълим, соғлиқни сақлаш ва ичимлик суви хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, қишлоқ хўжалигига инвестициялар жалб этиш, шаҳар ва қишлоқ инфратузилмасини яхшилаш, иш ўринлари яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш каби кўплаб йўналишларда тараққиётни қўллаб-қувватлайди.
Ассоциациянинг молиявий ресурслари ҳар уч йилда бир марта тўлдириб борилади. ХТА ресурсларини тўлдиришнинг 21-цикли — IDA-21 дастури 2024 йил декабрь ойида якунланган. Натижада 2026–2028 йиллар учун рекорд даражадаги 100 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги молиялаштириш пакети шакллантирилди. IDA-21 дастури доирасида IDA молиялаштиришидан фойдаланадиган 78 та мамлакатда қарийб 1,9 миллиард кишининг турли ижтимоий-иқтисодий мақсадларга эришишига кўмак кўрсатиш режалаштирилган.
Матбуот анжуманида Ўзбекистоннинг Халқаро тараққиёт ассоциацияси билан ҳамкорлиги қарийб 35 йиллик тарихга эга экани, яъни мамлакат 1992 йилда Жаҳон банки тузилмаларига аъзо бўлганидан буён изчил давом этиб келаётгани таъкидланди. 2017 йилдан бошлаб эса икки томонлама шериклик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.
Бугунги кунда Халқаро тараққиёт ассоциацияси мамлакатимизнинг тараққиёт соҳасидаги энг йирик халқаро ҳамкорига айланган. Хусусан, Ўзбекистон дунё бўйича IDA’нинг энг йирик 10 та мижоз мамлакатлари қаторига киради. Айни пайтда Жаҳон банки кўмагида ҳукумат томонидан иқтисодиётнинг турли тармоқларида умумий қиймати қарийб 5,5 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган 25 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилмоқда. Ушбу маблағларнинг 60 фоиздан ортиғи IDA грантлари ва имтиёзли кредитлари ҳиссасига тўғри келади.
Ўзбекистоннинг IDA учрашувига мезбон мамлакат сифатида танланишида асосий омиллардан бири сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сўнгги ўн йил давомида амалга оширилган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва уларнинг натижалари алоҳида қайд этилди. Ушбу натижалар халқаро миқёсда кенг эътироф этилмоқда.
Тошкент шаҳрида IDA учрашувини ўтказиш тўғрисидаги қарорга таъсир кўрсатган яна бир муҳим омил сифатида Жаҳон банки ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг юқори даражаси ҳамда изчил ривожланиб бораётгани қайд этилди. Жумладан, мамлакат IDA молиялаштиришини жалб қилиш ҳажми бўйича Европа ва Марказий Осиё минтақасида иккинчи ўринда туради.
Кутилаётганидек, бўлажак халқаро тадбир доирасида донор мамлакатлар ва ИДА молиялаштиришидан фойдаланаётган давлатларнинг юқори мартабали вакиллари Жаҳон банки раҳбарияти иштирокида IDA-21 дастури ижросининг оралиқ натижаларини муҳокама қилади. Мазкур учрашув, шунингдек, 2028–2031 йилларга мўлжалланган навбатдаги молиявий ресурсларни тўлдириш цикли — IDA-22 бўйича муҳокамаларни бошлаш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.
Декабрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказиладиган IDA учрашуви давомида Ўзбекистоннинг барқарор иқтисодий ўсиш, аҳоли фаровонлигини ошириш, камбағалликка қарши курашиш ва янги иш ўринлари яратиш борасидаги илғор тажрибаси кенг намойиш этилади. Шу жумладан, IDA иштирокида турли соҳаларда амалга оширилаётган лойиҳалар натижалари халқаро ҳамжамиятга тақдим этилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси









