Давлат органлари ва ташкилотларида ички назорат тизимини жорий этиш масалаларига бағишланган амалий семинар ўтказилди
2026-06-12 12:55:00 / Вазирлик янгиликлари

Мазкур лойиҳа доирасида Ўзбекистонда давлат ички назорати ва ички аудит тизимини такомиллаштириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилнинг 8–11 июнь кунлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ўқув марказида халқаро эксперт Андра Ларин ҳамда PwC экспертлари иштирокида давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари, таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва ходимлари учун анъанавий ва онлайн форматда семинар ўтказилди.
Семинар давомида хорижий экспертлар томонидан Internal Control – Integrated Framework халқаро қўлланмаси асосида “Давлат секторида ички назорат — раҳбарият ва бошқарувнинг масъулияти” ҳамда “Давлат органлари ва ташкилотларида ички назорат тизимини жорий этиш амалиёти” мавзуларида тақдимотлар ўтказилди.
Тақдимотларда ички назорат тизимини шакллантиришнинг аҳамияти, раҳбариятнинг ўрни ва масъулияти, бошқарув ҳисобдорлиги, хавфларни бошқариш, ички назорат тизими мониторинги, шунингдек, давлат ички назорати соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган муаммолар ва уларни бартараф этиш механизмлари юзасидан батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Шунингдек, семинар доирасида иштирокчилар ва экспертлар ўртасида соҳадаги амалий вазиятларга оид кейслар асосида муҳокамалар ҳамда интерактив машғулотлар ташкил этилди.
Тадбир давомида иштирокчилар ўзаро фикр алмашиб, соҳадаги долзарб масалалар юзасидан таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар. Томонлар келгусида ҳам мазкур йўналишда малака ошириш ва тажриба алмашишга қаратилган шу каби тадбирларни мунтазам ташкил этиш муҳимлигини таъкидладилар.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси


