“Келажакка тайёр иқтисодиёт сари: янги имкониятлар ва стратегик ёндашувлар” мавзусида семинар-тренинглар ташкил этилди
2026-06-11 20:35:00 / Вазирлик янгиликлари

Мазкур дастур Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан олиб борилаётган ҳамкорлик доирасида, Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда амалга оширилди. Унинг асосий мақсади глобал иқтисодий трансформатсиялар, янги технологиялар, сунъий интеллект ва инновациялар таъсирида шаклланаётган янги имкониятлар юзасидан хабардорликни ошириш, шунингдек, келажакка йўналтирилган стратегик режалаштириш орқали Ўзбекистоннинг барқарор ва рақобатбардош иқтисодий ривожланишини қўллаб-қувватлашга қаратилди.
Семинар ва тренинг машғулотлари халқаро инновациялар ҳамда келажакка тайёргарлик бўйича эксперт, Microsoft компаниясининг собиқ инновациялар етакчиси Самер Чидиак томонидан олиб борилди. Сессиялар давомида иштирокчилар келажакка тайёргарлик (future-readiness) концепциялари, узоқ муддатли ривожланишни режалаштириш (foresight) ёндашувлари, янги иқтисодиёт моделлари ҳамда глобал ривожланиш тенденцияларини Ўзбекистоннинг миллий устувор йўналишлари, институтсионал ислоҳотлари ва тадбиркорлик экотизими билан боғлашга қаратилган амалий ёндашувлар билан таништирилди.
Дастур доирасида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти мутахассислари иштирокида 80 нафарга яқин тингловчини қамраб олган тўртта тренинг семинари ташкил этилди. Шунингдек, Иқтисодиёт ва молия вазирлигида вазирликнинг 70 нафарга яқин ходими учун алоҳида семинар сессияси ўтказилди.
Якуний семинар Самарқанд давлат университетида бўлиб ўтиб, унда 120 нафарга яқин тадбиркорлар ва Самарқанд бизнес ҳамжамияти вакиллари қатнашди.
Сессиялар давомида иштирокчиларга келажакка тайёргарлик ёндашувларининг иқтисодий трансформация жараёнларидаги ўрни, иқтисодий ва технологик ўзгаришларни прогноз қилиш ҳамда проактив стратегияларни ишлаб чиқиш масалалари юзасидан маълумотлар тақдим этилди.
Дастур доирасида инновацияларга асосланган амалий ёндашув ва воситалар билан таништирилди. Уларни иқтисодий ривожланишнинг устувор йўналишлари, тармоқлар трансформацияси ва янги иқтисодий ўсиш моделларини шакллантириш жараёнларида қўллаш масалалари муҳокама қилинди.
Амалий машқлар якунида келгусида кутилаётган тенденциялар ва имкониятларни таҳлил қилишга қаратилган 60 га яқин мини-сенарий ишлаб чиқилди. Шунингдек, иқтисодиётнинг диверсификацияси, рақобатбардошлиги ва инновацион ривожланишини қўллаб-қувватлашга қаратилган 8 та стратегик ғоя тақдим этилди.
Сессияларда сунъий интеллект, маълумотларга асосланган қарор қабул қилиш, рақамли платформалар ва илғор таҳлилий воситаларнинг иқтисодий ривожланишдаги аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Мазкур ташаббус Иқтисодиёт ва молия вазирлигида келажакка йўналтирилган ёндашувларни институтсионал даражада ривожлантириш ҳамда инновациялар, янги технологиялар ва стратегик режалаштириш механизмларини мамлакатнинг узоқ муддатли иқтисодий ривожланиш мақсадлари билан уйғунлаштиришга қаратилган.
Дастур якунида давлат органлари, илмий-тадқиқот муассасалари, академик доиралар ва хусусий сектор вакиллари иштирокида истиқболдаги ривожланиш йўналишлари, инновацияларни қўллаб-қувватлаш ҳамда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси






