Халқаро меҳнат ташкилоти вакиллари билан Ўзбекистоннинг «Яшил иш ўринлари» дастури ва «Адолатли ўтиш» мавзусида онлайн учрашув бўлиб ўтди
2024-07-31 16:10:00 / Вазирлик янгиликлари

Йиғилишда «Адолатли ўтиш» бўйича ҳудудий ўқув марказини ташкил этишни назарда тутувчи контсепцияни ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди. Ўқув маркази ходимлар, корхоналар ва жамият учун адолатли ўтишни таъминлаш учун таркибий ва меҳнат бозоридаги ўзгаришларни қўллаб-қувватлашда муҳим роль ўйнайди. Шунингдек, ўқув маркази турли иш ва соҳалар учун кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлашга қаратилган бўлиб, бунда асосий эътибор адолатли ўтишга қаратилади.
Бундан ташқари, техник кўмак ҳамда томонлар ўртасида англашув меморандуми имзоланиши билан боғлиқ ташкилий масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Меморандум 2024 йил 11-22 ноябрь кунлари Баку шаҳрида бўлиб ўтадиган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси иштирокчиларининг 29-конференцияси доирасида имзоланиши режалаштирилмоқда.
Учрашув сўнгида ҳар икки томоннинг яшил иш ўринларини кенгайтириш ва Ўзбекистонда адолатли ўтиш жараёнини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, янги иқтисодий воқеликлар учун кадрлар тайёрлашнинг юқори стандартларини таъминлаш масалалари бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди.




