Иссиқхона газлари мониторинги, ҳисоботи ва верификацияси (MRV) тизими бўйича семинар-тренинг бўлиб ўтди
2024-07-30 16:30:00 / Вазирлик янгиликлари

Маълумот учун: ушбу семинар-тренинглар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 июндаги “Ўзбекистон Республикасида “яшил” иқтисодиётга ўтишда миллий шаффофлик тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–213-сонли қарорига мувофиқ ташкил этилди.
Семинарда 70 дан ортиқ вазирлик, идора ва ташкилотларнинг иссиқхона газлари ажратмалари бўйича MRV тизими доирасида маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш, текшириш ва топшириш учун соҳага тааллуқли ташкилий масъул бўлим мутахассислари иштирок этишди.
Семинар-тренингдан кўзланган асосий мақсад Миллий шаффофлик (MRV) тизими доирасида қамраб олиниши кутилаётган вазирлик, идора ҳамда ташкилотларнинг тегишли ходим ва мутахассисларини Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий Конвенцияси талаблари асосида иқлим ўзгаришига қарши чора-тадбирларнинг мониторингини шаффоф йўлга қўйиш мақсадида яратилган янги институционал тизим билан яқиндан таништиришдан иборат.
Семинар маърузалари Франциянинг CITEPA ташкилотининг малакали экспертлари томонидан олиб борилди. Онлайн тренинглар давомида иқлим ўзгариши соҳасидаги халқаро ҳисоботларнинг янгиланган мезонлари, иссиқхона газлари ажратмалари бўйича ҳисоботни Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро панель йўриқнома ва кўрсатмалари асосида тайёрлаш, шунингдек, энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги ва чиқиндиларни қайта ишлаш тармоқларида иссиқхона газлари ажратмаларини қисқартириш усуллари каби мавзулар қамраб олиниши кўзда тутилган.
Шунингдек, жорий йилнинг сентябр-октябр ойларида Миллий шаффофлик (MRV) тизими онлайн платформасини жорий этиш, ундан фойдаланиш ва платформа доирасида маълумотларни шакллантириш бўйича қўшимча семинар-тренинглар ташкил этиш режалаштирилган.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати
