Ўзбекистонда молиявий ҳисобот тизимининг фундаментал ҳужжати бўлган Концептуал асос тасдиқланди
2026-06-11 14:55:00 / Вазирлик янгиликлари

Ўзбекистонда молиявий ҳисобот тизимини ривожлантириш ва халқаро стандартларга мослаштириш жараёнида яна бир муҳим ҳужжат қабул қилинди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Молиявий ҳисоботни тузиш ва тақдим этишнинг Концептуал асослари” (рўйхат рақами 3854, 2026 йил 10 июнь) тасдиқланди.
Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 сентябрдаги ПҚ–282-сонли қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда миллий бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисобот тизимини халқаро талабларга мослаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Концептуал асос — молиявий ҳисобот стандартлари тизимининг фундаментал ҳужжати бўлиб, янги молиявий ҳисобот стандартларини ишлаб чиқиш ва амалдаги стандартларни такомиллаштириш учун ягона методологик пойдеворни яратади. Ҳужжат молиявий ҳисоботларнинг мақсади, сифат тавсифлари, молиявий ҳисобот элементлари, уларни тан олиш, баҳолаш, тақдим этиш ва ёритиб бериш бўйича асосий тамойилларни белгилайди.
Ушбу Концептуал асоснинг жорий этилиши молиявий ҳисобот тизимида изчиллик ва ягона ёндашувни таъминлашга хизмат қилади. Унинг асосида стандартлар ўртасидаги уйғунлик мустаҳкамланиб, молиявий маълумотларнинг ишончлилиги, қиёсланувчанлиги ва тушунарлилиги янада ошади.
Шунингдек, ҳужжат МҲМС стандартларида тўлиқ тартибга солинмаган масалалар юзага келганда ҳисоб сиёсатини шакллантириш учун муҳим методологик йўриқнома вазифасини бажаради.
Концептуал асоснинг қабул қилиниши миллий молиявий ҳисобот тизимининг замонавий талаблар асосида ривожланишини қўллаб-қувватлайди ҳамда мамлакатда шаффоф, изчил ва халқаро стандартларга уйғун молиявий ҳисобот муҳитини шакллантириш учун мустаҳкам замин яратади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси
