Заргарлик соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва давлат хизматлари такомиллаштирилмоқда
2026-06-05 16:25:00 / Вазирлик янгиликлари

Тадбирда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар муомаласи соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, эришилган натижалар ва устувор вазифалар юзасидан маълумот берилди. Қайд этилганидек, сўнгги йилларда асиллик даражасини аниқлаш ва давлат тамғаси билан тамғалаш хизматларига бўлган талаб изчил ошиб бормоқда. Хусусан, 2023 йилда 989 килограммдан ортиқ, 2024 йилда 1 тоннаю 141 килограмм заргарлик буюмлари экспертизадан ўтказилиб тамғаланган бўлса, 2025 йил якунларига кўра мазкур кўрсаткич қарийб 1,5 тоннани ташкил этди.
Матбуот анжуманида қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар муомаласи устидан олиб борилаётган техник ҳамда геммологик экспертиза ишлари, соҳага халқаро стандартларни жорий этиш, мутахассислар малакасини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Шунингдек, лицензиялаш ва рухсат бериш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилгани, давлат хизматлари инсон омилисисиз электрон шаклда кўрсатилаётгани таъкидланди. 2026 йил 1 июнь ҳолатига кўра, республикада қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан фаолият юритаётган субъектлар сони 2 778 тани ташкил этди. Фаолият турлари бўйича расмийлаштирилган рухсат берувчи ҳужжатлар сони эса 4 059 тага етди.
Тадбир давомида соҳада қонунийликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Хусусан, лицензиялаш жараёнларини рақамлаштириш, хизмат кўрсатиш жараёнларида видеокузатув тизимини жорий этиш ва назорат тадбирларини замонавий техник воситалар орқали амалга ошириш ишлари қайд этилди.
Тадбир якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, соҳани янада ривожлантириш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар муҳокама қилинди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси









