“Fitch” халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон кредит рейтинги кутилмасини “барқарор”дан “ижобийга” оширди
2026-06-03 17:50:00 / Вазирлик янгиликлари

2025 йилнинг июнь ойида “Fitch” томонидан Ўзбекистон кредит рейтинги “BB-”дан 1 поғона юқорига “BB” даражасига оширилган эди. 2014 йилдан буён фақатгина 15 та мамлакат 12 ой ичида рейтинг баҳоси ва кутилмасини кетма-кет оширишга эришган.
Ҳисоботда Ўзбекистон кредит рейтинг кутилмасининг “ижобий”га оширилиши қуйидагилар билан изоҳланган:
- глобал ноаниқликларга қарамай, ислоҳотлар натижадорлиги ва макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлашга йўналтирилган сиёсатнинг давом эттирилиши орқали ўрта муддатда барқарор иқтисодий ўсиш ва макроиқтисодий кўрсаткичларнинг яхшиланиши кутилмоқда;
- фискал ва монетар ислоҳотларнинг давом эттирилиши макроиқтисодий сиёсат ва шаффофликни мустаҳкамлаш орқали бюджет тақчиллигини пасайтириш ҳамда халқаро захираларнинг сезиларли ошишига хизмат қилади;
- ислоҳотлар бошқарув сифати кўрсаткичларига ҳам ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.
"Fitch" томонидан Ўзбекистон кредит рейтинг баҳоси “ВВ” даражасида сақланиши давлат қарзининг ЯИМга нисбатан пастлиги, ташқи захиралар ҳажми ва юқори иқтисодий ўсиш салоҳиятини акс эттириши қайд этилган.
Агентликка кўра, ҳукуматнинг ислоҳотлар дастури хусусийлаштириш, монетар сиёсат ва фискал бошқарувни яхшилаш ва шаффофликни таъминлаш орқали иқтисодий самарадорликни оширишга қаратилган.
Хусусан, йирик давлат корхоналарининг акцияларига эга бўлган Миллий инвестиция жамғармаси жорий йилнинг май ойида халқаро капитал бозорларида листингдан ўтгани алоҳида эътироф этилган.
Ҳисоботда келтирилишича, Яқин Шарқдаги вазият туфайли нефть ва газ нархларининг ошиши жорий йилда иқтисодий ўсиш ва инфляцияга салбий таъсир кўрсатиши прогнозларда акс этган.
Хусусан, ислоҳотларнинг ижобий таъсири, хомашё товарлари бўйича қулай нарх конъюнктураси ва барқарор пул ўтказмалари туфайли иқтисодий ўсиш 2026 йилда 6 фоиз, 2027–2028 йилларда ўртача 6,4 фоиз ва ўрта муддатли истиқболда 6,3 фоиз даражасида кутилмоқда.
2025 йил учун бюджет тақчиллиги ЯИМга нисбатан 2,1 фоизни ташкил этиб, 3 фоизлик юқори чегарадан паст бўлгани агентлик томонидан ижобий баҳоланган. Бунда, бюджет даромадларининг кутилганидан юқори бўлгани, шу жумладан хомашё нархларининг ижобий конъюнктураси қайд этилган. Шунингдек, 2026 йилда энергетика субсидиялари қисқарганига эътибор қаратилган.
Агентлик бюджет тақчиллигининг пасайиши ва юқори иқтисодий ўсиш туфайли 2027-2028 йилларда давлат қарзи бўйича белгиланган юқори чегарадан (ЯИМга нисбатан 60 фоиз) анча паст даражада сақланишини прогноз қилмоқда.
Шунингдек, инфляцион таргетлаш режими доирасида 2025 йил март ойидан буён Марказий банкнинг асосий ставкаси 14 фоиз даражасида сақланиб тургани қайд этилган. Бунда, 2026 йилнинг апрель ойида инфляция 7 фоизни ташкил этгани билдирилган.
“Fitch”га кўра, Ўзбекистон суверен кредит рейтинг баҳоси қуйидаги ҳолларда оширилиши мумкин:
- таркибий ислоҳотлар жадаллашиши натижасида макроиқтисодий барқарорлик мустаҳкамланиши, юқори иқтисодий ўсиш сақланиши ҳамда фискал кўрсаткичларга ижобий таъсир кўрсатиши;
- паст бюджет тақчиллиги таъминланиши натижасида ўрта муддатда давлат қарзининг барқарор даражада сақланиши;
- бошқарув сифати сезиларли ва барқарор равишда яхшиланиши.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси
