“Белагро-2026” халқаро кўргазмасида Ўзбекистон агро-саноат мажмуасининг экспорт салоҳияти намойиш этилмоқда
2026-06-02 19:15:00 / Вазирлик янгиликлари

Кўргазма доирасида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги “Узагростар” холдинг компанияси Ўзбекистоннинг миллий стенди билан қатнашиб, мамлакатимизда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини хорижий ҳамкорларга тақдим этмоқда. Миллий стенд ташриф буюрувчиларга Ўзбекистон агро-саноат тармоғининг имкониятлари, маҳсулотлар сифати ҳамда экспорт йўналишлари билан яқиндан танишиш имконини беради.
Хусусан, Ўзбекистоннинг миллий стенди кўргазма иштирокчилари ва меҳмонлари орасида катта қизиқиш уйғотди. Кўргазманинг расмий очилиш маросимида Беларусь Республикаси Бош вазири ўринбосари Юрий Шулейко ҳамда Беларусь Республикаси Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазири ўринбосари Андрей Яковчиц Ўзбекистон стендига ташриф буюриб, унда намойиш этилган маҳсулотлар ва тақдим этилган экспорт имкониятлари билан яқиндан танишди.
Шунингдек, тадбир давомида Беларусь Республикасининг 10 дан ортиқ йирик чакана савдо тармоқлари вакиллари билан B2B учрашувлар ташкил этилмоқда. Хусусан, “Eurotorg”, “Santa Retail”, “BelVillesden”, “GRINroznitsa”, “UniStore Group”, “Resttrade” ҳамда бошқа йирик ритейлер компаниялар билан музокаралар ўтказилиб, Ўзбекистон маҳсулотларини Беларусь бозорига етказиб бериш, савдо ҳажмларини кенгайтириш ва узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси





