Жаҳон банки билан ҳамкорликда тадбиркорликни ривожлантириш ва иш ўринларини яратиш масалалари муҳокама қилинди
2026-06-01 20:20:00 / Вазирлик янгиликлари

Учрашувда Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги лойиҳалари раҳбарлари, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги масъул ходимлари, “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ вакиллари ҳамда бошқа мутасаддилар иштирок этди.
Мулоқот давомида хусусий секторни ривожлантириш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, экспорт салоҳиятини ошириш, инвестицияларни жалб қилиш ҳамда аҳоли, айниқса, ёшлар учун янги ва сифатли иш ўринларини яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар кичик ва ўрта бизнес иқтисодий ўсишнинг муҳим драйвери эканини қайд этиб, экспортга йўналтирилган корхоналарни қўллаб-қувватлаш, уларнинг рақобатбардошлигини ошириш ва ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Учрашувда халқаро молия институтлари, давлат органлари ва хусусий сектор иштирокида шакллантирилаётган “Кичик бизнес ва иш ўринлари коалицияси” ташаббусининг кейинги босқичлари ҳам кўриб чиқилди. Мазкур платформа тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги дастурлар ва ресурсларни мувофиқлаштириш, ташаббуслар такрорланишининг олдини олиш ҳамда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Коалиция доирасида бизнес муҳитини яхшилаш, молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш, грант маблағлари ва техник кўмак дастурларидан самарали фойдаланиш, хусусий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда зарур инфратузилмани ривожлантириш бўйича ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Жаҳон банки билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Иш ўринлари ва иқтисодий ўсиш учун молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш” (FINGROW) лойиҳасининг жорий ҳолати ва истиқболдаги режалари муҳокама қилинди. Лойиҳа доирасида тадбиркорлик субъектларининг молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш, кафиллик механизмлари ва “фондлар фонди” орқали инновацион, энергия самарадор ва истиқболли бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш назарда тутилган.
Музокаралар давомида “Сифатли иш ўринлари, инвестициялар ва инклюзив трансформацияни жадаллаштириш” (SaBIIT) лойиҳасининг концептуал йўналишлари ҳам кўриб чиқилди. Ушбу ташаббус юқори ўсиш салоҳиятига эга стартаплар, янги экспортёрлар ва модернизацияга тайёр корхоналарни қўллаб-қувватлаш, уларнинг маҳсулдорлигини ошириш ҳамда глобал қиймат занжирларига интеграциялашувини рағбатлантиришга қаратилган.
Томонлар Жаҳон банкининг B-READY субмиллий тадқиқоти доирасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Мазкур тадқиқот ҳудудларда бизнес юритиш амалиётини таҳлил қилиш, қурилишга рухсат бериш, халқаро савдо ва мулк ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш каби йўналишларда мавжуд тартиб-таомилларни баҳолаш ҳамда бизнес муҳитини яхшилаш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқишга қаратилган.
Шу билан бирга, рақамли технологиялар, сунъий интеллект, инновациялар ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш орқали миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш масалалари бўйича ҳам фикр алмашилди.
Учрашув якунида томонлар барқарор иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлаш, хусусий сектор ва кичик бизнес салоҳиятини янада ошириш ҳамда сифатли иш ўринларини яратишга қаратилган ҳамкорликни изчил давом эттиришга тайёр эканликларини билдирди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги
Ахборот хизмати ва коммуникациялар бошқармаси





